"Mittivine" Фарҳод Манноповнинг вафотига оид янги тафсилотлар очиқланди
Жорий йилнинг 5 март куни вафот этган "Mittivine" тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов операция қилинган клиникадаги шифокорда малакавий тоифа бўлмаган. Бу ҳақда ССВ блогернинг ўлими юзасидан «Star Med Center» клиникасида ўтказилган текширув натижаларида маълум қилмоқда.
Текширишда аниқланишича, бемор Ф.Манноповга тиббий хизмат кўрсатишда бир қатор лицензия талаб ва шартлари бузилган.
Хусусан, Фарҳод Маннопов операция қилинган "Star Med Center" клиникасида беморга анестизиолог ва реаниматолог сифатида хизмат кўрсатган шифокор Ж.Қ.да малакавий тоифа бўлмаган.
Анестизиолог ва реаниматолог шифокорнинг малакавий тоифасини тасдиқловчи амалдаги ҳужжат тақдим этилмаган.
Вазирликка кўра эса тиббий фаолият лицензияси талаб ва шартларига врач-мутахассисларда тегишли тиббий мутахассислик бўйича олий маълумот ва малакавий тоифа ҳамда малака ошириш бўйича амалдаги сертификат мавжуд бўлиши шарт.
Бундан ташқари, Фарҳод Манноповнинг пластик жарроҳ шифокори ҳам етарли тажрибага эга эмас бўлиб чиқди.
Вазирлик маълумотига кўра, пластик жарроҳ шифокори Э.А. Андижон давлат медицина институтининг даволаш иши, умумий амалиёт шифокори йўналишини 2019 йил 17 июнда тугатган.
"У бемор Манноповга тиббий хизмат кўрсатиши учун камида биринчи малакавий тоифага эга бўлиши керак бўлган.
Лекин "Omad plyus" МЧЖ томонидан пластик жарроҳ шифокори Э.A.да малакавий тоифаси бўлмаган бир вазиятда беморга тиббий хизмат кўрсатишига йўл қўйилган", дейилади хабарда.
Бундан ташқари, бош ва бурун соҳасидан жиддий жароҳат олган блогерга тиббий хизмат кўрсатган лаборант шифокор Ж.Ш. ҳамда ультратовуш текширувлари шифокори Р.С.нинг ўзлари фаолият юритаётган тиббий ихтисосликлар бўйича малакавий тоифаларини тасдиқловчи амалдаги ҳужжатлар текширувда тақдим этилмаган.