Декабр ойи учун об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Ойнинг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳарорат ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиши кутиляпти.
Бу йилги декабр ойи қандай бўлади? "Ўзгидромет" қишнинг илк ойидаги эҳтимолий об-ҳаво маълумотини тақдим этди.
Ойнинг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳарорат ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлади.
Ҳаво ҳарорати асосан кечалари 3 даража совуқ-2 даража илиқ, кундуз кунлари 3-8 даража илиқ, баъзи жойларда 10 даража илиққача, шимолда кечалари 3-8 даража совуқ, кундуз кунлари 2-7 даража илиқ атрофида бўлиши кутилмоқда.
1 декабрда республика бўйича баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, айрим жойларда қорга айланиши мумкин) бўлади. 2 декабрда айрим тоғли ҳудудларда бироз қор ёғиши кутилмоқда.
Кейинчалик деярли биринчи ўн кунликнинг охиригача (3-8 декабр) Ўзбекистон ҳудуди бўйича асосан қуруқ об-ҳаво кузатилади ва фақат ўн кунлик охирида (9-10 декабр) республика бўйича баъзи жойларда ёғингарчилик бўлиши мумкин.
Декабрь ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари 0-5 даража совуқдан 2-7 даража илиққача, кундуз кунлари 3-8 даража илиқдан 10-15 даража илиққача ўзгариб туради, ой охирида ҳарорат кечалари 5-10 даража совуққача, кундуз кунлари 0-5 даража совуққача пасаяди.
Шимолда ҳарорат кечалари 8-13 даража совуқдан, баъзи жойларда 15-17 даража совуқдан 3 даража совуқ-2 даража илиққача, кундуз кунлари 2 даража совуқ-3 даража илиқдан 3-8 даража илиққача ўзгариб туради.