platina.uz

“Давлат ўз тадбиркорларини оғир аҳволга ташлаб қўймайди” – Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши ишлаб чиқарувчиларни касод қилиши ҳақидаги саволни Ортиқхўжаев хато фикр деб, аксинча, миллий маҳсулотларга ҳам жаҳон бозорлари очилишини яхши имконият деб атади.

Иқтисод
29 ноябрь, 19:16
“Давлат ўз тадбиркорларини оғир аҳволга ташлаб қўймайди” – Жаҳонгир Ортиқхўжаев
Фото: Platina.uz

Тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишида мамлакат учун очиладиган имкониятларни кўриш кераклигини таъкидлади. У бу ҳақда 29 ноябрь куни “Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида ўтказилган ёшлар тадбиркорлиги йўналишидаги очиқ мулоқотда қайд этди.

“ЖСТга қўшилиш натижасида четдан сифатли ва арзон маҳсулотлар кириб келса, маҳаллий тадбиркорлар „синиб кетади“ деган прогнозлар қанчалик ўринли?” деган саволга тадбиркор “бу ноўрин қўрқув дея” жавоб берди.

“Масалан, ташкилотга аъзо давлат — АҚШга янги раҳбар — Трамп келяпти. У Мексика билан Канадага божни 25%га, Хитойга 10%га оширмоқчи. Бу эса ЖСТ қоидаларига зиддир. Яъни, битта раҳбар алмашиши билан савдо ташкилоти қонун-қоидаларини ўзгартиришнинг имкони йўқ. Буни нима учун қиляпти? Бу орқали Америка бозорини қайсидир маҳсулотлардан ҳимоя қилмоқчи. Яъни, ЖСтга кирдик, дегани бутун ишлаб чиқарувчиларни ҳимоясиз қолдириш, давлат ўзининг ишлаб чиқариш стратегиясига эга корхоналарини оғир аҳволга ташлаб қўяди, дегани эмас. <...> Қўрқиш асоссиз”, — деди тадбиркор.

Ортиқхўжаев Ўзбекистондаги кўпгина корхоналар ЖСТнинг ҳар қандай талабларига жавоб бера оладиган маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятига эгалигини таъкидлади. “Катта бир зарар ёки қўрқинчли ҳодиса юз беради деб ўйламайман”, деди у.

Шунингдек, тадбиркор ташкилотга қўшилиш мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга ҳам етказиб бериш, қулай тарзда олиб киришга ёрдам беришини таъкидлади.

“Биз импортдан эмас, бизга очилаётган бошқа давлатларга хурсанд бўлишимиз керак. Яъни, бизнинг маҳсулотларимизни бошқа давлатларга ҳам сотиш имкониятларимиз кўпаяди. Танганинг иккинчи томони бор. Ҳамма биз ютқазамиз, деб ўйлаши мумкин, лекин ютадиган жойларимиз ҳам кўп. <...> Ва фақат сифат ошади, халққа ва давлатга фойда келтиради”, — дея хулоса қилди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+