platina.uz

ОАВ: Исроил Ливанда ўт очишни тўхтатишни маъқуллади

Келишув лойиҳаси Исроил ҳарбийлари Ливан жанубини тарк этиши керак бўлган 60 кунлик ўтиш даврини ўз ичига олади. Ливан армияси эса чегарага яқин ҳудудларга жойлаштирилиши кутилмоқда. 

Жаҳон
25 ноябрь, 13:47
ОАВ: Исроил Ливанда ўт очишни тўхтатишни маъқуллади

Исроил Ливанда "Ҳизбуллоҳ" гуруҳи билан таклиф қилинган ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни вақтинчалик маъқуллади. Бу ҳақда Ynet портали Исроил, Америка ва Ливан манбаларига асосланиб хабар берди.

Уларнинг фикрича, тўлиқ якуний қарорни Исроил ҳукумати қабул қилиши керак. Американинг Axios портали АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Амос Хокштейн Исроил ҳукумати яқин кунларда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришмаса, музокаралардан чиқиш билан таҳдид қилганини ёзди.

Порталнинг ёзишича, келишув лойиҳаси Исроил ҳарбийлари Ливан жанубини тарк этиши керак бўлган 60 кунлик ўтиш даврини ўз ичига олади. Ливан армияси чегарага яқин ҳудудларга жойлаштирилиши кутилмоқда, "Ҳизбуллоҳ" эса оғир қуролларини Литани дарёсидан шимолга олиб боради.

Шунингдек, ташаббуснинг амалга оширилишини назорат қилиш учун АҚШ бошчилигидаги қўмита ташкил этилиши кўзда тутилган.

Исроилнинг юқори мартабали мулозимининг айтишича, келишув шу ҳафта расман эълон қилиниши мумкин. Axios учун исроиллик номи ошкор этилмаган яна бир манбанинг таъкидлашича, бир нечта саволлар ҳали ҳам ҳал этилмаган.

Сентябр ойи охиридан бери Исроил Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" инфратузилмасини йўқ қилиш амалиётини ўтказмоқда. Ливан ва "Ҳизбуллоҳ" АҚШнинг Исроил билан ўт очишни тўхтатиш таклифига рози бўлгани ўтган ҳафта маълум бўлди. Гуруҳ Американинг сулҳ битими лойиҳасига жавобини тақдим этди. Унинг бош котиби Наим Қосим Исроилнинг можародан кейинги даврда куч ишлатиш ҳуқуқига эга бўлишига қарши чиққан.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+