Президент Андижон вилояти бўйича йиғилиш ўтказди
Унда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган майдонлар, жумладан, қир-адирлардан жами 1800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилиши ҳақида ҳам сўз боради.
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 18 ноябр куни Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда Андижон вилояти ҳокими қарор лойиҳасини тақдимот қилди. Унда 2025 йилда Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилган. Жумладан, 3 миллиард 100 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштириш, 334 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, 305 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида экспорт қилиш вазифаси белгиланган.
Шунингдек, вилоятда аҳоли зичлиги инобатга олиниб, ер масаласида имкониятлар яратилади. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган майдонлар, жумладан, қир-адирлардан жами 1 минг 800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилади. У ерларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, уй-жойлар барпо этилади.
Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, янги имкониятлардан самарали фойдаланиш, лойиҳаларни замонавий инфратузилма билан таъминлаш, аҳолининг бандлигини ва даромадларини ошириш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.
Аввалроқ вилоятнинг Избоскан туманидаги абгор йўллар ҳақида репортаж тайёрлаган эдик.