platina.uz

Ҳокимлар келаверади, муаммо қолаверади

Избоскан туманида сўнгги 10 йилда 4 нафар ҳоким алмашган, аммо уларнинг бирортаси халқ дардига қулоқ солмаган.

Жамият
18 ноябрь, 10:00

Яқинда иш билан Избоскан туманига бордим, ўзимнинг туғилиб ўсган қишлоғимга. У ердан Тошкентга кўчиб кетганимга 15 йилдан ошганига қарамай, йўл муаммоси ҳамон ўзгармаганига яна бир карра амин бўлдим.

Тумандаги ички йўллар шу қадар дабдала ва чуқурларга тўлаки, гўё у ернинг ҳокими йўқ ёки бор бўлса-да, ўз нафси билан овора, деган хулосага келдим. Чунки тахминан 15 йилдан бери шу аҳвол, ҳеч нима ўзгармаган, ҳокимлардан бошқа.

Масалан, тумандаги Мойгир ва Жонобод қишлоқларидаги асосий кўча туман марказига ва Андижон шаҳрига элтувчи асосий йўл ҳисобланади. Сиза, Сорвош, Қўшкўприк катта йўллари, Наманган вилоятига олиб борувчи Тўрткўл йўллари шу қадар абгорки, бир марта ўтган одамнинг ичи тўкилади. Ҳали ички йўлларни ёзмадим, маҳаллалардаги йўллар ёзда чанг, қишда лойга айланади.

Бу жойларга республикадан бирор каттакон бориши тугул туманнинг ўз раҳбарлари ҳам қадам босмаган, дейиш мумкин. Акс ҳолда амалдор келиши учун номига бўлса-да, йўлларни асфалт қилишарди ёки ямаб қўйишарди.

Шавкат Мирзиёев ҳокимлар чекка қишлоқларга бориши, халқ кайфиятини билиши, муаммоларини ўрганиши кераклигини айтганда Избоскан раҳбарияти қаерда юрган бўлса, деб ўйлаб қолади одам.

Бу борада халқнинг фикри ҳам деярли бир хил: ҳокимлар келаверади, муаммо қолаверади. Кўпчиликдан сўраганимда одамларнинг ҳафсаласи пир бўлган, шундай дабдала йўлларга кўниккан ва ҳокимлардан бирор нажот йўқлигини аниқ билишади.

Охирги 10 йилда бу туманга кимлар ҳоким бўлгани билан қизиқдим. 10 йил олдин Улуғбек Абдуллаев ҳоким бўлган экан, у туманни 2017 йилгача бошқарган. Сўнг бошқа Улуғбек, Раҳимов дегани бир йилча туманга бош бўлган.

2018 йилдан эса Серобиддин Исмоилов ҳокимликка ўтирган ва 5 йил шу лавозимда қолган. У 2023 йил декабрда ишдан кетган, сўнг қамоққа олинган. У ноқонуний қарорлар билан ер майдонлари талон-торож қилинишига йўл қўйгани айтилган. Унинг даврида ишлаган деярли барча ўринбосарлар ер савдоси билан қамалган эди.

Исмоилов айблари ҳақида расмий хабар берилмаган, ҳозир унинг тақдири ҳақида маълумот очиқланмаган. Ундан кейин Элёр Каримов ҳокимликка келган ва ҳозиргача ишлаб турибди. Унинг иш бошлаганигаям бир йил бўляпти, аммо натижа йўқ. Аслида Каримов Исмоиловга биринчи ўринбосар бўлиб ҳам ишлаган. Яъни туман ичидаги муаммоларни жуда яхши билади.

Избоскандаги бу муаммоларни туман мутасаддилари билмаслиги майли, аммо 2013 йилдан бери вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бирор марта қадам босмаганмикин? Вилоят ҳокими фақат марказга – Пойтуғ шаҳрига борган холос. Ўша ердан қайтиб кетган. Ундаям ҳокимларни ишдан олиб, янгисини қўйиш учун.

Избоскандаги катта ва ички йўлларнинг аҳволи қачон ўнгланиши ҳақида бир неча йиллар олдин ўзим суриштирув ўтказганман. Ўша пайтда ҳозирги ҳоким Элёр Каримов биринчи ўринбосар эди. У билан кўришиб, гаплашганмиз. Каримов йўлсозларга рўпара қилган, йўлсозларга борсам, пул йўқ дейишган. Хуллас, натижа чиқмаган.

Ўйлаб қолади одам, йўлларга радарлар қўйиб, бюджетга пул туширишга уста, фақат камера "кўзи" учун чизиқ чизиб, жарима йиғишда моҳир ЙПХ ва йўлсозлар, ҳокимиятлар шунча маблағни қаерга сарфлаяпти экан? Ахир булардан тушган пуллар энг аввало йўлларни таъмирлашга ишлатилиши керак эмасми?

Андижон халқи бошқача ҳурмат қиладиган Шуҳрат Абдураҳмонов мазкур муаммога эътибор қаратишига умид қилиб қоламиз. Ҳар ҳолда 11 йилдан бери аҳоли унга ишонч билдиради, қачондир муаммолари ҳал бўлишига, вилоят ҳокими бир бор ўша йўллардан юриб кўришига интиқ.

Мен фақат битта туман мисолида ёздим. Балки бошқа ҳудудларда ҳам йиллар давомида ўзгармай қолаётган шундай муаммолар бордир...

Бобур Жалолов,
Platina.uz сайти бош муҳаррири

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+