platina.uz

Рус криминал авторитети – Дед Ҳасан

Россия, умуман собиқ совет республикаларида фаолият юритувчи уюшган жиноятчилик етакчилари орасида рус ва кавказ жиноий гуруҳлари етакчи ўрин тутади. Улар баъзан ўзаро низолашса, баъзан ҳамкорликда иш битирган.

Мақола
3 кун аввал, 11:15
Рус криминал авторитети – Дед Ҳасан
Фотоколлаж: Platina.uz

...90-йилларда Ғарбга дарча очилиб, янги давр – капитализм, бизнес ва эркинлик даври бошлангани жиноятчилар учун ҳам айни муддао бўлди. Авваллари автобус йўловчиларининг 10-15 сўмига кўз олайтирган, жуда узоқ борса, хонадонларни талаш билан шуғулланган ўғри ва товламачилар қаршисида улкан имкониятлар майдони очилди. Бойлар кундан кунга кўпайиб борарди, ҳаммаёқда пул, супуриб олсанг бўлди! Тортиб олишнинг ёки алдаб-қўрқитиб олишнинг уддасидан чиқсанг кифоя! Кун ора кимнидир тунаб ёки қайсидир бойни ўлдириб кетишар эди.

Бундай тўполонлар жиноятчилар орасида ҳам тинмаган. Рус мафияси ҳамда кавказлик жиноятчилар ўзаро келиша олмаган. Аммо шундай шароитда уларнинг ҳаммасини бошини қовуштира олган жиноий етакчилар бўлган. Шундай “обрўли” ўғрилардан бири – Россиянинг энг нуфузли криминал авторитети Аслан Усоян эди. У ёш жиҳатдан ҳам, тажриба ва обрў жиҳатидан ҳам криминал дунё “оқсоқоли” бўлган.

Бироқ гадонинг душмани гадо бўлади, деганлари рост чиқди. Aслан Усоян (лақаби “Дед Ҳасан”) 75 ёшида Москва марказидаги ресторандан чиқаётганида ёлланма қотилнинг ўқига рўпара келди. Яраланган Дед Ҳасан чуқур кома ҳолатида Боткин шифохонасига етказилган. У тиббий муассасага олиб келинганидан 10 дақиқа ўтиб, жарроҳлик амалиётига тайёрланишаётган пайтда ёруғ дунёни тарк этди.

Ўша даврда “авторитетларга нисбатан қандайдир ов бошланди”, деган версиялар ҳам ўртага чиқди. Чунки 4 йилча аввал, 2009 йилнинг кузида энг машҳур қонуний ўғрилардан бири, обрўси Дед Ҳасанникидан ҳам баландроқ Вячеслав Иванков (лақаби “Япончик”) отиб кетилган, гарчи тирик қолган бўлса-да, 2,5 ой ўтгач, перитонит юзага келгани боис вафот этган эди...

90-йиллар инерцияси

2013 йилга келиб, Россияда ҳокимият вертикали ўзини тиклаб олган, оператив вазият тарозиси ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фойдасига босишни бошлаган. Бир қарашда 90-йиллар шовқин-сурони ортда қолган бўлса-да, қонуний ўғриларга суиқасдлар даврининг янгиланиши кўпчиликни таажжубга солди. Зулмат дунёси элитасида нимадир жараён, эҳтимол трансформация ва ҳудуд ҳамда бойлик манбаларни қайта тақсимлаш даври бошланган эди.

Чунки Аслан Усоян Россиядаги энг нуфузли криминал “босс”лардан бири эди. Унинг жонига қасд қилишга журъат қилганлар ҳам оддий ўғри ва безорилар бўлмагани аниқ. Зеро Усоян ҳаётига суиқасдга уриниш аввал ҳам юз берган, аммо Усоян омон қолган эди: 2010 йилда Москва марказидаги Твер кўчасида ҳокимият ва унинг қўриқчиси снайперлар томонидан ўққа тутилган, аммо иккаласи тирик қолган.

Дед Ҳасан жамоасидаги яна бир таниқли авторитет – Вячеслав Иванков (Япончик)нинг ҳам ўлдирилганига сабаб – Кавказнинг иккита етакчи мафия кланлари – бир томондан Тариэл Ониани (Мулухов) гуруҳи ва бошқа томондан Дед Ҳасан ўртасидаги қарама-қаршиликнинг кескинлашгани, дея тахмин қилинган. Аниғи шуки, жиноий дунёда таъсир ва манфаат доираларини қайта тақсимлаш кетаётганди.

Лекин шундай бўлса-да, Ониани 2010 йилда Москва шаҳар суди томонидан тадбиркорни ўғирлаб кетишда айбланиб, 10 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинди. Унинг Дед Ҳасаннинг ўлдирилишига алоқадорлиги ўз исботини топмади.

Кам сонли миллат вакили

Aслан (Ҳасан) Рашидович Усоян асли грузиялик. Миллати бўйича язидий курд бўлиб, 1937 йил 24 февралда Тбилисида туғилган. 19 ёшида у милиция ходимларига қаршилик кўрсатгани учун 1 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

1959 йил 15 январда Тбилисининг Сталин туман суди Aслан Усоянни талончиликда айблаб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилди, бироқ у кейинчалик шартли равишда озод этилди.

Бироз вақт ўтгач, 1966 йил 28 декабрда Тбилисининг Октябр туман суди уни чайқовчилик қилгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум қилди. Қамоқхонада Усоянга Давид Шаумянский ва Меҳрач "Фартовий" томонидан “қонуний ўғри” тожи кийдирилди. 1968 йил 24 июн куни эса Грузия ССР Цулукидзе вилояти халқ судининг қарори билан Усоян шартли равишда озод қилинди.

1996 йилдан бошлаб, Усоян қонун ўғриси, арман уюшган жиноий гуруҳи вакили Рудолф Оганов (Рудик Бакинский) билан зиддиятда бўлган. Армани қонун ўғриси таъсир доираларини қайта тақсимлашга ва Краснодар ўлкасидаги бизнесларни назорат қилишга бел боғлаган, бу эса Усоянга ёқмаган эди.

Аламзада Рудик 1997 йил ноябр ойида Москва вилоятида ўтган ўғрилар “сходкаси” – йиғилишида Дед Ҳасанни қонуний ўғри мақомидан маҳрум қилишга уринди.

1998 йил бошида эса Огановнинг шерикларидан бири, Эдик Москва лақабли қонуний ўғри Пятигорскда ўлдириб кетилди. Ниҳоят кланлар уруши Рудикнинг (Огановнинг) ўлдирилиши билан якунланди – 1999 йил феврал ойида Москва ҳалқа йўли яқинидаги йўл бўйидаги қаҳвахонада Рудикка 40 дан зиёд ўқ отишган.

1998 йилда Рудик тарафдорлари Сочида Усоянни ўлдиришга ҳаракат қилди, бироқ қотил ниятига ета олмади.

Усоян 2006 йилда, энди душманларидан қутулдим деган чоғида грузин мафиясининг оқимларидан бири – Таро лақаби билан танилган Тариэл Ониани бошчилигидаги бошқа жиноий клан билан можарога дуч келди.

Томонлар БAAда ҳибсга олинган ва Испанияга экстрадиция қилинган қонуний ўғри Захарий Калашовга (Шакро Молодой) тегишли корхоналар устида талашиб қолишди. Усоян қонуний ўғри Лаша Шушанашвили (Лаша Руставский) вақтинча бошқарувчи бўлиши керак, деган позицияни эгаллади. Бироқ Ониани клани бунга қарши чиқди.

2008 йил 2 майда Aслан Усоян жиноят оламининг нуфузли вакилларининг “сходка”сини ташкил этди. Йиғилишда 2014 йилда Сочида бўлиб ўтадиган Олимпиада учун ажратилган маблағларни назорат этиш масалалари муҳокама қилинди. Таъсир доираларини тақсимлаш бўйича баҳсда Вячеслав Иванков (Япончик) Усоян тарафида бўлди.

2008 йил 8 июлда эса Усоян ва Япончик рақиб Ониани клани томонидан таклиф қилинган “сходка”га боришмади. Москва вилоятидаги Клязма сув омборида кемада 33 нафар қонун ва ҳокимият ўғрилари тўпланишди. Баҳс авжига чиққан пайтида кемага Россия ички ишлар вазирлигининг Марказий федерал округ бўйича бош бошқармаси ходимлари бостириб киришди. Полиция Георгий Манагадзени (Гия Кутаисский) Россияда бўлишга рухсат берувчи ҳужжатлари йўқлиги учун ҳибсга олди.

2008 йил ноябр ойида Москва ресторатори Гела Церцвадзе яраланди, у, Россия ички ишлар вазирлигига кўра, Ониани бизнесига масъул бўлган ва кемани ижарага олиш билан шуғулланган.

Шу тариқа Усоян 2009 йилдан бошлаб, Кавказ уюшган жиноий гуруҳларнинг раҳбарига айланган. Шу билан бирга, Россия уюшган жиноий гуруҳларнинг аксариятини назорат қилган, улар ўртасидаги можаролар ва келишмовчиликларни тартибга солган, “разборка”ларда қозилик қилган.

2009 йил 22 майда номаълум шахслар Усояннинг бизнес шериги – “Скиф” лақабли қонуний ўғри Aндрей Голубевни ва “Корсак” лақабли криминал бошлиғи Корсаковни отиб ташлади. Ушбу қотиллик Усояннинг одамлари ва рақиб Ониани клани ўртасида янада жиддий тўқнашувларни келтириб чиқарди. Ҳатто Усояннинг тарафдори – Вячеслав Иванковни ўлдиришганини ҳам Ониани клани билан боғлашади.

2010 йилнинг 27 апрелида Дед Ҳасан Киевда Украина ҳудудига сохта ҳужжатлар ёрдамида кирмоқчи бўлганида қўлга олинди.

Ўша йилнинг 16 сентябр куни кечқурун Москвада Твер кўчасида 12-бино, 7-уй ҳудудида Aслан Усоянга суиқасдга уриниш бўлди. У ошқозонидан учта ўқдан жароҳат олган. Aввалига Дед Ҳасан ва унинг қўриқчиси ўлдирилгани айтилган эди. Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, Усояннинг ўлими ҳақидаги маълумот тезкор ходимлардан олинган ва тезкор сабабларга кўра, жиноятчиларни чалғитиш мақсадида тарқатилган, бироқ кейинчалик рад этилган.

Ленкоранский айбдорми?

Жиноий авторитетларнинг “сходка”ларидан бирида Дед Ҳасан ўзига суиқасд уюштиришга озарбайжонлик қонуний ўғри Ровшан Жаниев (Ровшан Ленкоранский – бу ҳақда яна алоҳида тўхталамиз) буюртма берганини, жиноятчи эса “Aсхаб” экстремистик ислом гуруҳининг киллерларидан бири эканини айтади.

Шунча суииқасдлардан омон чиққан Усояннинг умр йўли 2013 йил 13 январда ниҳоясига етади. Шу пайтгача кўплаб авторитетларни нариги дунёга жўнатган Дед Ҳасан энди ўз ҳам уларнинг ортидан равона бўлишдан бошқа иложи қолмайди.

Дед Ҳасаннинг мурдаси совимасидан, унинг клани тезда “сходка” чақиради. Йиғилишда Усоянинг жияни – Дмитрий Чантурияни (лақаби – “Мирон”) янги етакчи этиб сайлашади. Шундан кейин Усоянни дафн этишга тайёргарлик бошланади.

Аввалига Дед Ҳасанни она юрти Грузияда, онасининг қабри ёнида кўмишни мақсад қилишади. Бироқ Грузия раҳбарияти, эҳтимол мафиясининг таъсирида бунга имкон беришмайди. Дед Ҳасан тобутини яна Москвага қайтариб олиб келишади...

Криминал олам оқосоқоли Дед Ҳасан Москвадаги Хован қабристонидан қўним топади. Кейинроқ унинг қабри тепасига ҳашаматли мармар ёдгорлик қурилади.

Мажмуа ўртасида Дед Ҳасаннинг гранит ҳайкали қад ростлаб турибди. Ҳайкал ўйчан кўзларини узоқларга тикканча жим қотган. Гўёки тирикларга бир гапни айтмоқчи бўлади: унутманг, ҳаётда сиз танлаган йўл ҳар доим тўловни талаб қилади. Шундай экан, қудрат ва бойлик орттириш эмас, одамлар қалбида қандай из қолдириш ҳақида қайғуриб яшанг!..

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+