Ленкоранлик Робин Гуд: Равшан Ленкоранский
Унинг жиноят оламидаги “юриши” атиги 20 йил давом этган бўлса-да, деярли бутун постсовет давлатлари жиноят оламини ўзига бўйсундирган.

2016 йил 18 август куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида "қонундаги ўғри” Равшан Жаниев (жиноятчилик оламидаги лақаби – Ленкоранский) ўлдириб кетилди.
Ҳали 40 ёшга кирмасидан бутун собиқ совет республикалари, ҳатто Ғарбдаги рус мафиялари орасида обрў қозонишга улгурган Равшан охирги пайтларда ўзидан каттароқ яна бир авторитет- лақаби “Дед Ҳасан” бўлган Аслан Усоянга қарши чиқа бошлаган эди. Ҳатто айрим норасмий маълумотларга кўра, 2013 йил январда Москвада “Дед”ни ўлдириб кетганлар Равшаннинг буйруғини бажарган. Табиийки, Равшанни йўқ қилишганини ҳам қасос акцияси сифатида талқин этиш устувор бўлиб қолди. Равшанни ўлдириб кетишганида газеталар “Дед Хасанга суиқасднинг тахминий ташкилотчиси Туркияда отиб ташланди” қабилидаги сарлавҳалар билан муносабат билдиришди.
Баланд дорга осилган ёшлик
Гарчи Усоян билан боғланган тахминлар кўп бўлса-да, Равшаннинг ўлдирилишини одатий “разборка”нинг муваффақиятсиз натижаси дейдиганлар ҳам талайгина. Боиси 18 август куни Равшан Ленкоранский Истанбул меҳмонхонасида бошқа қонундаги ўғрилар: Темури Немсицверидзе (Црипа), Роин Углава (Матевич), Дато Чурадзе билан учрашади.
Махсус хизматлардаги манбаларга кўра, у “Лефортово қамоқхонасида ўтирган “қонундаги ўғрилар”нинг мақомига даъвогарлик қила бошлаган”. Хусусан, “Шакро молодой” (Захари Калашов) Дед Ҳасаннинг вориси сифатида қабул қилинган ва жиноят қиролининг тожи ҳам Шакрога ўтиши кутилаётган эди.
Шакро 2016 йил июлида Москвада ҳибсга олинганидан кейин (у 2024 йил 29 март куни озодликка чиқди) Равшан анча фаоллашиб қолган. Айрим тахминларга кўра, у Шакронинг ўрнига “янги қирол” сифатида танилишни орзу қилган.
Ленкоранский отиб кетилишидан сал олдинроқ, Истанбулдаги меҳмонхонада йиғилишда гўёки Ленкоранскийнинг “шахсий киллерлари” бўлган яна уч нафар озарбайжон – Ҳожи Толибхонли (Бейлаганский), Заур Сумгаицкий ва Воҳид Бакинский ҳам қатнашган.
Ленкоранский меҳмонхонадан чиққач, Бешиктош ҳудудидаги чорраҳада светофорда яшил чироқ ёнишини кутиб ўтирганида, унинг машинасига Стечкин автомат тўппончаси ва Uzi автомати билан қуролланган номаълум шахслар томонидан ўқ узилган. Ҳайдовчи касалхонага олиб кетилаётганда вафот этган. “Қонундаги ўғри”нинг ўзи тез ёрдам шифокорлари томонидан реанимацияга олиб кетилган, бироқ бир неча соатдан кейин унинг ҳам жони узилган. Баъзи маълумотларга кўра, суиқасд пайтида Ленкоранскийнинг синфдоши ва бир Туркия фуқароси ҳам машинада эди. Биринчиси яраланган, иккинчиси қочишга муваффақ бўлган.
Шунингдек, ўқ узилган машина ортидан қўриқлаш машинаси ҳам келгани хабар қилинган. Бироқ у бироз орқада юргани боис, отишмадан “бенасиб” қолган.
Ҳужум содир этишда гумон қилиниб, 3 нафар Озарбайжон ва бир нафар Туркия фуқароси қўлга олинди. Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларнинг хабар беришича, уларнинг миллати курд. “Дед Ҳасан”нинг келиб чиқиши ҳам курд-язид бўлгани эътиборга олинса, тахминлар тарозисининг қасос палласи кўпроқ босиб кетади.
Равшан Ленкоранскийнинг учта “шахсий киллери” ҳам ҳибсга олинган. Улардан бири Туркия ҳукумати томонидан озарбайжонлик қонундаги ўғри Aлибала Ҳамидовнинг (Гожи Бакинский ёки Ясамалский) ўлдирилишида гумон қилинган, қолган икки нафари аввалроқ Озарбайжонда қидирувга берилган. Aйтганча, 2013 йилда ўлдириб кетилган Ҳамидов ҳам Ленкоранскийнинг душмани бўлган: у 2012 йилда Равшанни “қонундаги ўғри тожидан маҳрум қилиш” маросимида қатнашган – ва бу ҳақдаги хушхабар – “малява”ни бокулик маҳкумлар орасида тарқатган.
Қонун ҳимоячисининг қонунбузар ўғли
Равшан Жаниев 1975 йил 27 январда Озарбайжоннинг Ленкоран шаҳрида туғилган. Миллати – талиш. Унинг отаси милиционер бўлиб ишлаган. 1992 йилда, Равшан эндигина 17 ёшга қадам қўйганида, йирик жиноий клан вакиллари Равшаннинг отасини ўлдиртиришади. 1996 йилда ўтказилган суд пайтида Равшан Жаниев шу жиноятда гумон қилинаётган шахсни тўппончадан отиб ташлайди. Баъзи манбаларнинг таъкидлашича, судланувчининг бутун Жаниевлар оиласини қириб ташлаш билан дағдаға қилганига жавобан Равшан шундай йўл тутган.
Суд жиноятдаги ҳолатларини инобатга олиб, 21 ёшли Жаниевни атиги икки йилга озодликдан маҳрум қилган.
2000 йилда Равшан Жаниев Боку шаҳри марказида қонундаги ўғри Карамат Мамедовга қарата ўқ узган. Ярадор тирик қолган, бироқ Жаниев воқеа жойида ушланиб, қаттиқ калтакланган. Таъкидланишича, Равшан муштлашув пайтида олган бош жароҳати руҳий касалликка олиб келган. Бу сафар Жаниев колония ўрнига мажбурий даволанишга ҳукм қилинган. Бир неча ой ўтгач, у уйга қайтди, аммо давом этаётган “мафия урушлари” туфайли Россияга кўчиб кетишга мажбур бўлди ва Россия фуқаролигини олди. Озарбайжон суди эса унинг жиноят ишини қайта кўриб чиқиб, халқаро қидирувга берди.
“Тож кийдириш” маросими
2001 йилда Москвада қонундаги ўғрилар Артик Дабчаев (Aртик) ва Мирсеймур Aбдуллаев (Сеймур Нардаранский) ёш Жаниев-Ленкоранскийга “қонундаги ўғри” тожини кийдиришди (уларнинг икковини ҳам 2003 йил баҳорида отиб ўлдириб кетишган). 2004 йилда Равшан Ленкоранский озарбайжонлик уюшган жиноий гуруҳ раҳбари Элчин Евлахскийни ўлдиришда гумонланиб ҳибсга олинган – у 2003 йилнинг ёзида Москвада отиб кетилган эди. Бироқ Жаниев шаҳарни тарк этмаслик ҳақидаги тилхатига кўра қўйиб юборилган, бироқ у терговдан яширинган. 2006 йилда Ленкоранскийни жиноятчилар йиғилиши(сходка)да ҳибсга олишга уринишган, аммо у ўшанда ҳам қочишга муваффақ бўлган.
Осондан келса бойлик..
2006 йилга келиб, Ленкоранский Москвадаги бутун озарбайжон бизнеси учун “криша”га айланиб, “ҳимоя” қила бошлади. Хусусан, Москвадаги машҳур ва ўта сердаромад Черкизовский бозори (собиқ миллиардер Телман Исмаилов бошқарган ўша машҳур “Черкизон”) ҳам унинг назорати остида эди.
2009 йилда ҳукумат босими остида Черкизон ёпилди. “Яқин келажакда биз Москва марказидаги бу шармандаликка барҳам берамиз. Бу илонхонани ёпиш керак ва биз бу ишни яқин келажакда якунига етказамиз”, деган эди ўшанда Россия прокуратураси ҳузуридаги Тергов қўмитаси раҳбари Aлександр Бастрикин.
Натижада Ленкоранскийга келиб турган даромад кескин пасайиб кетди. Бозор ёпилганидан сўнг, гўёки Равшан бир-бирига душман бўлган икки йирик жиноятчи – Aслан Усоян (Дед Хасан) ва Тариэл Ониани (Таро) томонидан назорат қилинадиган соҳаларга дахл қила бошлаган.
2008 йилда Равшан Ленкоранский Украинада ҳибсга олинган ва Озарбайжонга экстрадиция қилинган. 2010 йилда суд уни ноқонуний қурол сақлашда айбдор деб топиб, икки йилу ўн ойга озодликдан маҳрум қилди. Ҳукм эълон қилинганидан сўнг, “қонундаги ўғри” тергов давомида шу муддат давомида ҳибсда ётгани учун дарҳол суд залидан озод қилинди.
Ўйнашмагин “Дед” билан...
2010 йилда постсовет ҳудудидаги энг нуфузли “қонундаги ўғри” саналган Дед Хасан Москвада оғир яраланган эди. Ленкоранский эса Озарбайжонда озодликка қўйиб юборилгани заҳоти яна Украинага кетди – гўё у шу йўл билан ўзига алибини таъминламоқчи бўлган. Дед Хасаннинг ўзи Равшан Ленкоранскийни унга суиқасднинг буюртмачиси деб ҳисоблаган, аммо жиноят дунёсининг бошқа вакиллари бу суиқасдни грузин “ўғриси” Таро (Тариэл Онинани) уюштирган бўлиши мумкинлигига ишонган.
Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари Ленкоранскийни мунтазам равишда ҳибсга олиб, Озарбайжонга экстрадиция қилишга ҳаракат қилган, бироқ уддасидан чиқмаган.
2012 йилда Равшан Бирлашган Aраб Aмирликларига кетган, у ерда турли тўдалар билан тўқнашувлар пайтида уч марта пичоқланган. Ўша йили Aслан Усоян тўдасидан бўлган ўғрилар Ленкоранскийни "қонундаги ўғри" мақомидан маҳрум қилгани ҳақида “малява” тарқатишди.
Хатда Ленкоранский ва “Таха” (Гия Углава) жиноят оламига бузуқлик олиб келиб, маҳбуслар ўртасида фитна ёйишда айбланган.
Кейинчалик Ленкоранскийнинг шотирлари ушбу “малява”ни ёзган “қонундаги ўғрилар”дан бири Бахиш Алиевни (“Ваха”) ушлаб олиб, қаттиқ калтаклашди ва у ёзганларидан тонишга мажбур бўлди.
Қасос элчилари
2013 йил январ ойида Москвада Дед Хасаннинг ҳаётига навбатдаги суиқасд уютирилди ва рақиб бу сафар мақсадига эришди – Дед “борса келмас дунё”га равона бўлди. Жиноий ҳамжамиятга яқин манбалар қотилликнинг эҳтимолий иштирокчилари қаторида Ленкоранскийни ҳам тилга олишди. Бироқ Жаниев-Ленкоранский учун Дедни ўлдиришдан фойда йўқ, чунки жиноят олами етакчисининг бўшаб қолган тахтига даъво қила олмас эди барибир. Юқорида зикр этилганидек, Дед Хасаннинг вориси сифатида Шакро Молодой (курд-язид миллатига мансуб грузиялик Захарий Калашов) кўрсатилган. Фақат у Дед каби харизматик ва умумэътироф этилган раҳбар бўла олмади – шунинг учун жиноий тўдалар ўртасидаги урушлар тўхтамади.
Ленкоранскийнинг укаси Эмил Жаниев Равшаннинг Усоянни ўлдиришда қўли борлигини рад этди. “Равшаннинг Aслан Усоян (Дед Хасан) ўлимига алоқаси йўқ ва буни ҳурматли одамлар яхши билишади. Унга тегишли бўлган нарса полициянинг ихтироси бўлиб, улар, афтидан, ўзларининг аниқ мақсадларини кўзлаяпти ва вазиятни атайлаб кескинлаштирмоқда”, деган Эмил Жаниев.
Бироқ, даъво қилинишича, Равшан Ленкоранскийнинг исми Дед Ҳасаннинг ўлимидан сўнг унинг сафдошлари томонидан тузилган “ўлимга маҳкумлар рўйхати”да биринчи қаторда бўлган. Ҳатто жиноий тўдалар Равшаннинг “боши” учун 5 миллион доллар мукофот эълон қилишган.
Ҳасаннинг шотирлари билдиришича, қотиллик буюртмачилари Таро ва Мераб Жанвеладзе, ташкилотчилар эса Ленкоранский ва Жемо (Жемал Микеладзе) бўлган.
2015 йилнинг кузида, Дед Хасаннинг вориси Шакро Молодой испан қамоқхонасидан озод этилганида, Равшан Ленкоранский жиноий йиғилиш қарори билан яна “тахтдан туширилди”. 2016 йил 18 августида эса Истанбулда унинг умрига зомин бўлишди.
Дабдабали жаноза ва ёдгорлик
2016 йилнинг 19 август куни Равшан Жаниевнинг жасади “Palmali компаниялар гуруҳи” президенти Мубариз Мансимовнинг шахсий самолётида ватани Ленкоранга етказилди. Турли манбаларга кўра, самолётни аэропортда 5 мингдан 25 минггача одам кутиб олган. Аэропортга туташ йўлларда тирбандлик юзага келган. Одамлар марҳумнинг тобути ортилган машинани унинг уйигача йиғлаб кузатиб қўйишган.
Равшан Ленкорандаги “Кичик бозор” қабристонига дафн қилинди. Кейинчалик унинг қабри устига ноёб мармар ва гранитдан ҳашаматли ёдгорлик барпо этилди. Равшанни бўй басти билан акс эттирган ҳайкал бир қўлини белига тираганча, узоқларга тикилиб турибди...
Гачи зона романтикаси ихлосмандлари Равшаннинг ўлимидан қайғуга тушган бўлса-да, бу воқеа жиноятчилар оламига ижобий таъсир кўрсатди. Тинимсиз можаро ва қонундаги ўғриларнинг “жувонмарг” бўлиб кетишидан чарчаган тўдалар ниҳоят эски тартибга қайта бошлади. Энг муҳими, Москвадаги савдо нуқталари устидан назорат учун муттасил курашиб келаётган кавказликлардан иборат икки криминал тўда ўртасидаги қонли курашга чек қўйилди.
Нега Равшанни ҳурмат қилишган?
Ҳатто Равшаннинг душманлари ҳам уни афсонавий “ўғри” сифатида таърифлашади. Равшаннинг жиноят оламидаги “юриши” атиги 20 йил давом этган бўлса-да, деярли бутун постсовет давлатлари жиноят оламини ўзига бўйсундирган. Унинг таваккалчиликни яхши кўриши, қўрқмас ва қатъиятли экани ҳамда бешафқатлилиги билан душманларининг юрагига ғулғула солиб турарди.
Ленкоранский бошқа йирик жиноятларга хос бўлган стереотиплардан узоқ шахс эди. У яхши тарбия кўргани ва билимли экани, нисбатан ақлли ва ўйчан қиёфаси билан, ёшлиги ва тез тил топа олиши, ҳар қандай одам билан келишиб кета олиши билан ажралиб турган.
Равшанни афсонавий Робин Гудга ҳам қиёслашади. У бойлар ва йирик жиноятчиларни қирғин қилган. Топган пулини дўстлари ва камбағаллар билан бўлишган. Нафақт Озарбайжон, балки Россиядаги амалдорлар ҳам Равшанни йўқ қилиш ёки панжара ортига ташлашдан манфаатдор бўлмаган. Аввало Равшан керакли амалдорларни пул ва совғалар билан мунтазам “мойлаб турган”, қолаверса давлат ва маҳаллий ҳокимият идораларининг турли ижтимоий лойиҳаларини бажонидил молиялаштирган.
Шу боисдан кўплаб қўшиқчилар Равшанга бағишлаб қўшиқлар ҳам куйлашган.
Озарбайжон томони ҳам қоғозда Равшанни таъқиб қилса-да, аслида унинг мавқеси юксалишидан манфаатдор бўлган. Маълумки, Озарбайжон мева-сабзавот етказиб бериш ва бошқа тижорий операцияларда Россия билан мустаҳкам алоқаларга эга. Қолаверса, Россия элитаси орасида ҳам амалдор ва тадбиркор озарбайжонлар кўп. Россиядаги йирик угуржи мева-чева бозорлари ва умуман, барча савдо нуқталарининг этник озарбайжон назорати остида бўлиши расмий Боку учун ҳам айни муддао бўлган. Акс ҳолда армани тижоратчилар ва ҳукуматдаги армани лобби гуруҳлари бу соҳани эгаллаб олса, озарбайжонлик тадбиркорларни ростмана қирғин қилиши, ҳукумат даражасида (айниқса, Тоғли Қорабоғ муаммоси ҳал этилмаган даврда) Боку манфаатларига зид хатти-ҳаракатларга йўл очиши аниқ эди. Равшаннинг бу соҳани назорат қилиши Марказий Осий мева-сабзавот экспортёрлари учун фойдали эди. Улар ҳам арманилардан кўра Равшан “жамоаси” билан иш тутишни афзал кўришган. Россиядаги арманилар тарихан туркларни ва улар сабаб озарбайжонларни ёмон кўриши ортидан Равшанни ҳам ёқтирмаган. Арман миллатига мансуб россиялик комик Михаил Галустяннинг довдир қурувчи мигрантлар ҳақидаги скетчлари қаҳрамонларидан бирини Равшан деб номлагани бежиз эмас, дейишади айримлар.
Турли тўсиқларга ва душманлари кўплигига қарамасдан, Равшан Ленкоранский нисбатан узоқ муддат жон сақлай олди. Бироқ кимсан Дед Ҳасандек оғир вазнли ўғри билан можарога киришиши Равшаннинг энг катта хатоси бўлди дейишади. Унинг душманлари ўта кўпайиб кетди. Акс ҳолда у ҳозиргача тахтда қолаётган бўлиши мумкин эди.
Айтишларича, Равшан ўзини жиноятчи деб ҳисобламаган. Унинг бу кўчага кириши мажбурий бўлган эди. Ленкоранскийнинг жиноят оламидаги ҳаёти қасос билан бошланиб, қасос билан тугади. Ёвузлик фақат ёвузлик туғдиради, деган нақл яна бир бора ўз исботини топди...
Абулфайз Сайидасқаров