platina.uz

Рус жиноят оламининг “чўқинтирган отаси” – Япончик

Носоғлом оилавий муҳитда ўсган касалманд боланинг, бунинг устига ғирт руҳий носоғлом ўғрининг пайти келиб бутун совет, кейин эса рус жиноят оламининг “чўқинтирган отаси”га айланиши, шунча тақдир тошларидан омон қолиб, 69 ёшга кириши камёб ҳодиса эмас. Аммо...

Мақола
7 ноябрь, 19:28
Рус жиноят оламининг “чўқинтирган отаси” – Япончик
Фотоколлаж: Platina.uz

Бебош ўтган ёшлик

Бўлажак “қонун ўғриси” Вячеслав Иванков 1940 йил 2 январда Москва шаҳрида туғилган. Унинг отаси пиёниста бўлган ва кейинчалик оиласини бутунлай ташлаб кетган. Славанинг онаси кам учрайдиган руҳий касаллик билан оғриган.

Слава ёшлигида заиф ва касал бола бўлган. Тенгдошлари унинг устидан кулиб, масхара қилиб юришган. Аммо Слава қатъиятли ва жанговар руҳга эга бола эди. У ёшлигидан жиу-житсу яккакураш спорти билан мустақил шуғуллана бошлаган ва уни хафа қилган болалардан ўч олган. Бошқа, ишончли маълумотларга кўра, бола бокс ёки эркин курашни яхши кўрган. Тахминан шу даврларда ўсмир ўзининг дастлабки ўғирликларига қўл урган.

Вячеслав Иваньков, жиноят оламидаги лақаби "Япончик".

Тўққизинчи синфни тугатгандан сўнг, Иванков Давлат цирк санъати билим юртига (ДЦСБЮ) ўқишга киришга ва ҳаво гимнасти бўлишга қарор қилди. Иванков машғулотлардан бирида трапециядан йиқилиб, бошидан жиддий жароҳат олди. Бироз вақт ўтгач, эндигина ўзини тиклай бошлаган Вячеславни машина уриб юборди. Буларнинг барчаси шизофрениянинг ривожланишига олиб келди, Иванков бутун умри давомида шу хасталикдан азоб чекди ва ҳатто ногиронлик мақомини олди.

Кейинчалик у механик бўлиб ишга кирди ва бир вақтнинг ўзида кечки мактабга ўқишга кирди. Иванковда пулга муҳтожлик жуда кучли эди. У нафақат кекса онасига ёрдам беришга, балки ўз оиласини ҳам боқишга мажбур эди. 1960 йилда қадимги Оссурия халқи вакили Лидия Aйвазовага уйланди. Шу сабабли, Вячеславни кўпинча жиноятчилар даврасида "Оссурия куёви" деб аташган.

Кўзи қисиқлиги боис Япончик лақабини олган Вячеслав бутунлай жиноят йўлига кириб, чўнтаккесар-талончига айланди (кўплаб “обрўли қонун ўғрилари” жиноятчилик карьерасини шу “касб”дан бошлаган).

1965 йилда Иванков биринчи марта жиноят устида ушланган. Уни қийинчилик билан ҳибсга олишган.

Япончик ўзини ғалати тутиши боис, милиционерлар уни психиатрик текширувга юборишди. Шифокорлар унга шизофрения ташхисини қўйишди, бунинг натижасида маҳбус қамоқхонадан қутулиб қолди. Бунинг ўрнига унга мажбурий даволаниш буюрилди.

Иванков 1967 йилда руҳий касалхонани тарк этди ва тезда яна эски ҳунарини бошлади.

Устозинг ким бўлса...

Вячеслав 60-йилларнинг охири ёки 70-йилларнинг бошларида, кечагина психиатрия клиникаси бемори, Москвада фаолият юритган “Мўғул” лақабли Геннадий Карковнинг тўдасига аъзо бўлди. Баъзи маълумотларга кўра, гуруҳда 30 дан 60 кишигача бўлган. Aйтилишича, Иванковга Япончик лақабини Карков берган.

“Мўғул” бошлиқ тўда СССРда биринчилардан бўлиб жиноятнинг янги турини – кейинчалик рэкет деб аталадиган товламачилик турини ҳаётга татбиқ этган. Уюшган жиноий гуруҳнинг нишони ноқонуний савдогарлар ва махфий цех эгалари, давлатманд коллекционерлар бўлган – ўша пайтдаги социалистик давлат қонунларида хусусий тадбиркорлик қатъий тақиқлангани ва қамоққа тушиш хавфи мавжудлиги боис, махфий тадбиркорлар милицияга мурожаат қилишдан қўрқишган. Бандитлар тунаб, талаб, калтаклаб кетишса ҳам дардларини ичга ютишга мажбур бўлишган.

Япончикнинг устози Мўғул (ўртада) бошқа қонун ўғрилари даврасида.

Япончик ушбу жиноий гуруҳнинг мия марказларидан бири эди. Унинг ташаббуси билан “Мўғул” тўдаси бойлардан пул ундиришнинг “тозароқ ва маданийроқ” усулини ўзлаштирди. Улар милиция формасини кийиб, ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари сифатида кўрсатиб, ноқонуний тадбиркорлардан пул ундиришган.

1972 йил бошида терговчилар ниҳоят “Мўғул” тўдаси аъзоларини ҳибсга олишга муваффақ бўлишди. Карков 14 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди, унинг шериклари ҳам узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шунга қарамасдан, Япончик қамоққа олинмаган – бир версияга кўра, мўғул ўз жиноий шерикларига озодликда юрган ҳолда фойдали бўлиши мумкинлиги сабабидан, Карков ўз одамларига Япончикни ҳимоя қилиб юришни топширган бўлиши мумкин. Карков тўдаси мағлубиятга учраганидан кўп ўтмай, Япончик ўз тўдасини яратишга қарор қилди.

Янги “қонун ўғриси”

Япончик Карков бошлиқ уюшган жиноий гуруҳ ва унинг шотирлари бошлаган ишни давом эттирди. Жиноятчилар синовдан ўтган схемалар бўйича ҳаракат қилишди: улар бойларни ва меҳнатсиз даромад билан яшаётганларни талашда давом этишди. Ҳатто қийноққа солиш усуллари ва милиция формасини кийиб фирибгарлик қилиш ҳам ўзгаришсиз қолди.

Шу билан бирга, тўда ўзининг "операциялари" географиясини сезиларли даражада кенгайтирди – Япончик ва унинг жамоаси Рига, Қозон, Свердловск ва махфий миллионерлар яшайдиган бошқа йирик шаҳарларга гастролга боришарди.

1974 йил март ойида у Москва яқинидаги Салтиковкадаги машҳур “Рус” ресторанида бўлиб ўтган шов-шувли муштлашув ва қонли “разборка”га аралашиб қолди.

Тез орада тўполоннинг барча иштирокчилари қўлга олинди. Иштирокчилар рақибларига қарши кўрсатма бермагани учун, бу сафар ҳам “Япончик” қамоқдан қутулиб қолиши мумкин эди. Aммо ҳибсга олиш вақтида полиция ходимлари Иванковнинг ёнидан сохта паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномасини топдилар.

Бунинг учун у қамоққа олинди, аммо унга берилган жазо муддати унинг тергов изоляторида ўтказган муддати (7 ой 15 кун) билан йўққа чиқди. “Бутирка” ҳибсхонасидаги қисқа муддатли қамоқ пайтида Япончикка “тож кийдирилган”, яъни "қонун ўғрилари" сафига қабул қилинган.

Япончик расман қонун ўғриси бўлганига елкасидаги 8 қиррали юлдузли тату - "ҳужжат".

Япончикнинг қўлга олиниши

Ресторандаги тўқнашувдан сўнг совет ҳуқуқ-тартибот идоралари ниҳоят Япончикни узоқ муддатга қамоққа ташлашга бел боғлади.

1975 йил июн ойида Япончик яна бир отишмани уюштирди. Бу сафар милиция ходимлари билан нақд Москва марказида, Руминия ҳукумати делегацияси ва СССР Мудофаа вазири Aндрей Гречко кўз ўнгида отишма рўй берди.

“Қонун ўғриси”ни қўлга олиш учун 1981 йил 14 майда кенг кўламли махсус операция ташкил этилди. Ўша куни Москва жиноят қидирув бошқармасининг барча ходимлари уни қўлга олишга сафарбар этилди. Иванков яна машинасида терговчилардан қочиб қутулиб қолди, аммо бу сафар омад унга кулиб боқмади. Чунки совет “гангстери”ни овлашга жуда кўплаб кучлар жалб қилинганди. Ниҳоят унинг қўлига кишан тақилди. Япончикни ҳимоя қилишни адвокат Генрих Падва ўз зиммасига олди. Ундан жуда “ҳурматли” одамлар Япончикни ҳимоя қилишни сўрашган. Падванинг сўзларига кўра, Иванков ўз айбини қатъиян рад этган ва гап қарзларни ундириш ҳақида кетаётганини таъкидлаган. (Кейинчалик Падва машҳур ва қиммат адвокатга айланди. Алишер Усмонов-Алексей Навалний можаросида Усмоновнинг адвокати сифатида қатнашди.)

Вячеслав Иваньков (Япончик) — Россия ва МДҲ жиноят оламида энг нуфузли ва обрўли шахс бўлган.

1982 йил апрел ойининг охирида суд Япончикни қўйилган жиноятларда айбдор деб топди ва 14 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилди. Кейинчалик, маҳкумнинг ҳудудий маъмурият вакили ва бошқа маҳкум билан муштлашгани боис икки марта яна муддат қўшиб берилган.

Aмериканинг забт этилиши

Гарчи Япончик 90-йилларнинг иккинчи ярмида қамоқдан озод қилиниши керак бўлса-да, аслида бундан аввалроқ озодликка чиқди. “Қонун ўғрисини” қўллаб-қувватлаш мақсадида унинг яқинлари томонидан уюштирилган кенг кўламли акция бошланди. Ҳатто кейинчалик 1996 йилги президент сайловида иштирок этадиган қўшиқчи Иосиф Кобзон ва офталмолог Святослав Федоров каби таниқли шахслар ҳам бу ишни қайта кўриб чиқишни сўрашган. Натижада машҳур маҳбуснинг жазо муддати қисқартирилди ва 1991 йил ноябрида у озодликка чиқди.

АҚШда ҳам Япончик йирик "разборка"ларда қозилик қилган.

Япончик Россияда узоқ қолмади ва кейинги йилиёқ AҚШга жўнаб кетди. Бир версияга кўра, чечен жиноий гуруҳлари билан тўқнашув уни Россияни тарк этишга мажбур қилган, бошқа маълумотга кўра, Иванков сиёсий сабабларга кўра Америкага кўчиб ўтишга қарор қилган.

Нима бўлганда ҳам, 1992 йилда Япончик AҚШга кўчиб ўтди ва Ню-Йоркка жойлашди. Бу Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари учун кутилмаган ҳол бўлди, улар жиноят олами қиролини кўзда қочириб қўйишди. Табиийки, Япончик паспорт ва визани унчалик ақл, таниш ва пул талаб қилмайдиган усулларда қўлга киритган.

Кўп ўтмай, Япончик АҚШ Шарқий қирғоғида “муаммоларни ҳал қила бошлади”. Бундай вазиятда терговчилар қўлидан келадиган ягона иш Иванков ҳақидаги маълумотларни ФҚБдаги америкалик ҳамкасбларига етказиш эди. Натижада Америка ҳуқуқ тартибот идоралари янги муҳожирнинг фаолиятини яқиндан кузата бошладилар.

Ню-Йоркда Япончик славян ва кавказ жиноий гуруҳлари ўртасида воситачилик қилди. Бундан ташқари, Иванковнинг кокаин ва героин савдоси билан шуғуллангани ҳақида миш-мишлар тарқалди, гарчи унинг ўзи буни қатъиян рад этиб, бундай бизнес унинг ахлоқий тамойилларига мос келмаслигини таъкидлаган бўлса-да.

"Коза Ностра" италян мафияси Япончикнинг ҳурматли ўғри эканини тан олиб, уни АҚШдаги нуфузли мафия оилаларидан бири - Гамбино оиласига қабул қилган.

AҚШ ҳукумати “қонундаги ўғри”ни келганидан бир неча йил ўтиб қўлга олишга муваффақ бўлди. 1993 йилда (бошқа манбаларга кўра, бир йил ўтгач) Summit International инвестицион фирмаси президенти Aлександр Волков АҚШ Федерал Қидирув Бюросига (ФҚБ) мурожаат этган. Тадбиркорнинг шикоят қилишича, Иванковнинг ёрдамчилари ундан пул таъма қилишган.

Гап Волков ва унинг ҳамкори Владимир Волошин Москвадаги “Чара” банкидан қарз олган тахминан 2,7 миллион долларлик маблағ ҳақида кетаётганди. Банк бу пулларни қайтиб кўрмаган. Summit International раҳбарияти маблағларни ақл билан тасарруф этмаган ва унинг катта қисмини шубҳали инвестицияларга сарфлаб бой берган. “Чара” вакиллари Иванковга мурожаат қилишган ва Япончик бу қарзни ундиришга киришган.

Волковнинг аризаси ФҚБнинг “қўлларини ечиб юборди” ва 1995 йил июн ойида Япончик ҳибсга олинди. У ўз айбини қатъиян рад этди. Иванков товламачиликдан ташқари, таниқли қўшиқчи Вилли Токаревнинг пианиночиси бўлган AҚШ фуқароси Ирина Ола билан сохта никоҳдан ўтишда ҳам айбланган. Натижада, 1997 йилда жиноятчи иккита айблов билан жами 9 йил 7 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2004 йилда Россия томони Япончикни экстрадиция қилишни сўраган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уни 1992 йил бошида Москвадаги “Фидан” турк ресторанида содир этилган қотилликда гумон қилишди.

Япончик Россияга экстрадиция қилинган кун.

Aмерика қамоқхонасини шартли равишда тарк этгач, “қонун ўғриси” ўзини “рус адлия машинаси” қўлига топширди. У Россияга қайтарилгач, бошланган тергов ва суд жараёнлари алал-оқибат чиппакка чиқди. “Фидан”да рўй берган жанжалдан кейин анча вақт ўтгани боис Япончикнинг айби исботланмади. 2005 йил июл ойида ҳакамлар ҳайъати Иванковни айбсиз деб топди.

Япончик рафиқаси Фаина Комиссар билан Москва шаҳар суди олдида. 2005 йил, июл.

Ўтмишдан келган қотил

Оқланганидан кейин Япончик нафақага чиқишга қарор қилди (ёки ҳеч бўлмаганда у энди жиноятларга алоқаси йўқлигини кўрсатишга уринди). Унинг 2005-2009 йиллардаги фаолияти ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас. 2009 йил 28 июл куни кечқурун “қонун ўғриси” ҳаётига уюштирилган суииқасд янада кутилмаганда рўй берди.

Шу куни Иванков икки қўриқчи билан бирга Москвадаги Хорошевское шосседаги "Таиланд фили" ресторанида тушлик қилди. Муассасадан чиқишда қонун ўғрисига қарата ўт очилган. Япончик қорнидан оғир яраланган. Қотил жиноят жойидан қочишга муваффақ бўлган.

Япончик касалхонага ётқизилди. 2009 йил 13 сентябрдан 14 сентябрга ўтар кечаси у клиник ўлимни бошдан кечирди. Қорнидаги ўқ жароҳати перитонитни келтириб чиқарди ва бу 9 октябр куни жиноят олами афсонасининг ўлимига сабаб бўлди. Япончик Ваганковский қабристонига, онасининг қабри ёнига дафн этилди.

Тергов бу қотиллик ташкилотчиси – Япончик билан узоқ вақтдан бери низолашиб келган “қонун ўғриси” Иля Симония (Махо) деб ҳисоблайди. Маълум бўлишича, 80-йилларнинг охирларида, Иванков Тулун колониясига ўтказилганида, у ўша пайтда Иркутск вилоятининг “назоратчиси” бўлган Маҳо ҳокимиятини тан олишдан бош тортган.

Япончикнинг демаршига Симониянинг ўтмиши сабаб бўлган – у комсомолчи бўлган ва ўғри мақомига тўғри келмайдиган қотиллик учун қамалган. Иванковнинг, шу билан бирга машҳур Aслан Усоян (Дед Хасан) каби бошқа “ҳурматли” ўғриларнинг ташаббуси билан Махо “тож”дан мосуво қилинган. Кейинчалик у аввалги мақомини тиклашга уринган. Аммо биринчи навбатда у Япончикни йўлдан олиб ташлаши керак эди. Бунинг учун Симония жиноий гуруҳ тузиб, қотиллик айбдорларига бир неча ўн миллион рубл тўлашни ваъда қилган.

Бироқ бу ҳам гумон холос. Япончикни ўлдиришга буюрган ҳақиқий айбдорлар ҳамон номаълум қолмоқда.

Сўнгги манзил

Япончикнинг саргардон ҳаёти 2009 йилда ниҳоясига етди. Унинг дафн маросимида нафақат жиноят олами вакиллари, балки “ёруғ дунё”нинг ҳам машҳур инсонлари, маҳаллий ва халқаро журналистлар иштирок этишди. Дафн маросимига кимсан Дед Ҳасаннинг ўзи раҳбарлик қилди. Япончик жасадини жуда қиммат ва ҳашаматли, электр чироқ ва кондиционер ўрнатилган тобутда дафн этишди. Маросимда ҳатто Россия байроқлари ҳам кўриниш берган.

Япончик қабрига ўрнатилган ёдгорлик. Совет қамоқхоналарига хос стандарт кафелли ер ва ёғоч курси - табуретка ёдгорлик бадиий ечими учун асос қилиб олинган.

Икки йилдан кейин унинг қабри устида муҳташам ёдгорлик ўрнатилди. Унда Япончик қамоқхоналарда бўладиган стандарт ва оддий ёғоч курсичада ўтирган ҳолда тасвирланган. Бутун умр қамоқхонани қадрдон уйи деб билган, полиция доим қаматишга уринган Япончик, энди қабри устида абадий “ўтириш”га маҳкум.
Носоғлом оилавий муҳитда ўсган касалманд боланинг, бунинг устига ғирт руҳий носоғлом ўғрининг пайти келиб бутун совет, кейин эса рус жиноят оламининг “чўқинтирган отаси”га айланиши, шунча тақдир тошларидан омон қолиб, 69 ёшга кириши камёб ҳодиса эмас. Тарихда бундай мисоллар кўп. Бироқ Япончик ўғри, бешафқат ёки ақллилиги учун машҳур бўлмаган. Ундан турли сиёсий низолар, ижтимоий муаммоларда ҳам фойдаланишгани, ҳатто Россия ҳукумати (ёки унинг эгаларининг шахсий манфаатлари) йўлида фойдалангани ҳақида гумонлар кўп. Чунки обрў ва машҳурлик ҳам худди пулга ўхшайди – қандай ва қаерда орттирилганининг аҳамияти йўқ, муаммони ҳал қилса бўлди!..

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+