Криминал романтика интиҳоси: “Кўча қонунлари”дан қонун устуворлигигача
90-йиллар қолдирган “криминал романтика” афсонаси ҳануз айрим онгларда яшаб келаётгандек туюларди. Аммо давлатнинг уюшган жиноятчиликка қарши қатъий ва тизимли сиёсати бу иллюзияни парчалаб ташлади. “Қонундаги ўғри”лар, сохта обрў ва кўча “понятка”лари ортида қандай хотима турганини эса бугун жиноий йўлни танлаб, кечиккан пушаймонни тотаётганлар тақдири яққол кўрсатиб турибди.

Қаердаки қонунлар ишламаса, давлат тизимлари қонун устуворлигини таъминлай олмаса, ўша ерда анархия, зўравонлик ва бошболдиқлик бошланади. Ўрмон қонунлари ишга тушади – зўравонлар кучсизларни эзиш ва талашга ўтади. Жиноятчилар ўзларича тартиб ўрнатган бўлади, ўз “қонунлари”га таяниб, одамлар ўртасида қозилик қилишади.
Ўтган асрнинг 90-йиллари ана шундай давр эди. СССР тарқалиши ортидан аввалги тартибот ва анъаналар бузилган, аммо ҳали янги тизим шаклланишга улгурмаган даврда жиноятчилар мафкураси – “понятие”си ва “турма романтикаси” кўчаларга ёйилди, ёшларни ўзига жалб қила бошлади. Аслида совет пайтида маҳбусларни “уюштириб”, жиловлаб туриш учун яратилган ушбу мафкура янги шаклда тирилди ва кўчаларга оқиб чиқди.
Бу жараён мустақил Ўзбекистонга ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Лекин давлат бу жараёнларни жимгина томоша қилиб тургани йўқ. Давлат давлатлигини кўрсатди — ҳуқуқий механизмлари орқали қонунни устувор эта олишини амалда намоён қилди. Ижтимоий барқарорликка путур етказишга, жиноятчилик оламини идеаллаштиришга уринган шахс ва гуруҳларга нисбатан чора кўрилди. Кўчаларда яна осойишталик ўрнатилди, жиноий тушунчаларга асосланган “авторитет” тушунчасига барҳам берилди.
Жумладан, 2024 йил ёзида суд “БахтиТашкентский” ва Бекзод Зафаровдан ташқари унинг иккинчи ўғли — Ихтиёр Қудратуллаевни, акаси — Шуҳрат Қудратуллаевни, шунингдек, яна 33 нафар шахсни узоқ муддатли озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди. Уларнинг аксарияти товламачилик ва фирибгарликда айбланган.
Бундай ҳолатлар ягона эмас. Уюшган жиноятчиликка қарши аёвсиз, аммо адолатли кураш доирасида ноқонуний фаолият орқали таъсир кучи орттиришга уринган шахслар бирма-бир жавобгарликка тортилди. Натижада жамиятда узоқ йиллар давомида шаклланган “криминал романтика” иллюзияси барҳам топа бошлади.
Ёмон мерос хотимаси
Бироқ айрим “блатной”ларнинг онги ҳали ҳам қамалишдан аввалги даврларда қолиб кетган кўринади. Бўлмаса улар “кўча поняткаси” ўғри ва талончилар мафкураси сифатида тарих ахлатхонасига улоқтирилганини тан олмасдан, ўзларига ўхшаган жиноятлар томонидан берилган “Қонундаги ўғри” ва “смотряший” каби мақом ва“ваколат”лари билан фуқароларга зарар бермаган, қонун ва давлат вазифасини бажаришга чиранмаган бўлишар эди. Энг ачинарлиси, бугунги кунимизда ҳам ўша “шонли” даврларни қўмсовчи бундай шахслар яна ўзларини намоён қилиб, кўчада ўзларининг “тартиб”ини ўрнатишга уринишди. Бегоналарнинг ва ўз болаларининг бошини қонунга зид тушунчалар билан чалғитишди.
Жиноят оламида “қонундаги ўғри” БахтиТашкентский номи билан танилган, 20 йилга озодликдан маҳрум этилган Бахтиёр Қудратиллаевнинг ўғли Бекзод Зафаров ҳам ана шундай чалғитувчи тарбия қурбонларидан бири, десак муболаға бўлмас. Бекзод Зафаровнинг тарихи — бу шахсий биография ёки оддий жиноий хроника эпизоди эмас. Унинг аҳамияти аниқ бир инсон тақдирида эмас, балки давлат бу ҳолат орқали жамиятга нима ва қандай мужда бераётганида мужассам.
Ички ишлар вазирлигининг “Сўнгги пушаймон” кўрсатувида отасининг йўлини давом эттириш ҳақидаги ўйлари катта хато бўлгани ҳамда жиноят оламига интилиш ҳеч қандай фойда келтирмаслиги ҳақида гапирган Бекзоднинг иқрори бу муждани янада аниқлаштиради.
Қамалишимдан олдин отамнинг йўлини эгалламоқчи эдим. Аммо ҳамма ўйлаганларим катта хато экан, - дейди Бекзод Зафаров надомат билан. – Колонияга келганимга 1 йил бўлди. Бир йил олдинги ҳаётим анча фарқли. Бу ерда аввал ким бўлганингдан қатъий назар ҳамма учун қонун бир хил. Жиноят оламидаги таниқли шахсларга ҳеч ким ҳавас қилиш ва эргашишга интилмасин... Эл-юртни, ота-онани хизматида бўлсин... Жамиятга фойдаси етадиган инсон бўлсин. Шу нарсаларни тушуниб етдим, - дейди Бекзод Зафаров.
Муҳим жиҳат шундаки, давлат дискурси фақат шахсни қоралаш билан чекланмайди. Асосий зарба жиноят оламини романтиклаштиришга имкон берган онг тарзига йўналтирилган. Дабдаба, кўз-кўз қилинувчи “қудрат”, сунъий яратилган “обрў” — буларнинг барчаси айниқса ёшлар онгида ижтимоий лифтнинг муқобил йўли сифатида қабул қилингани аччиқ ҳақиқат. Ҳаёт эса бундай ҳикояларга деярли бир хил хотима ясайди: жавобгарлик, оммавий изза қилиш, озодликдан маҳрум бўлиш ва кечиккан пушаймон.
Қасос эмас, огоҳлантириш
Эътиборли жиҳат шундаки, давлатнинг уюшган жиноятчиликка қарши кураш йўналиши ибрат тарзидаги шафқатсиз қасос устига қурилмаган. Унинг асосий маъноси — огоҳлантириш. Адашган шахсни қаҳрамонлаштириш эмас, балки содда ва қаттиқ ҳақиқатни эслатиш: давлат ҳар қандай жиноий конструкциядан кучли, қонун ҳар қандай “сохта обрў ва ваколатдан”дан устун, “сўнгги пушаймон” эса ўзингга душман.
Бугун пушаймон бўлиб турган Бекзод Зафаров 11 йилга озодликдан маҳрум этилган. Энди шунча муддатга оиласидан ва дўст ёрларидан узоқда бўлади, боласининг мактабга чиққанини, беғубор кулгусини кўра олмайди.
“Қамоққа тушганингда, нима йўқотганингни аниқ тушуна бошлайсан. Менинг икки нафар фарзандим бор. Катта ўғлим келаси йили мактабга боради. У менга: “Дада, тезроқ келинг, мен сизни соғиндим”, деди. Бу сўзлар хаёлимдан чиқмайди. Тунлари кўзимни юмсам, болаларим ва оилам тушимга киради”, — дейди маҳкум.
Бекзод Зафаров тарихи — “ёмон инсон” ҳақидаги ҳикоя эмас. Бу — жиноятни муваффақиятнинг муқобил шакли сифатида кўрсатишга уринган даврнинг тугаши ҳақидаги ҳикоядир. Бугун бошқа бир тамойил қатъий қарор топмоқда — қонун устувор, жазо муқаррар, қонун олдида ҳамма тенг. Айнан шу — мазкур ҳолатнинг асосий фалсафий ва сиёсий хулосасидир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида жиноий тўдалар фаолиятига нисбатан билдирилган қатъий ва очиқ муносабатда ҳам ана шундай хулосани англаш мумкин.
“Ҳамма эшитиб олсин: жиноий тўдалар фаолиятига чек қўйишга куч-қудратимиз етади ва буни албатта қиламиз!”, дея қатъий таъкидлади Президент. Шунингдек, давлат раҳбари Ўзбекистонда фуқаролар, тадбиркорлар ва инвесторларни ҳар қандай шароитда ҳимоя қиладиган мустаҳкам давлат тизими, Конституция ва қонунлар мавжуд эканини алоҳида урғулади.
Бу оддий сиёсий ваъда эмас — бу давлатнинг қонуний кучга бўлган мутлақ монополияси ҳақидаги баёнотдир. Ҳар қандай “параллел адолат”, “кўча суди”, “соёдаги таъсир иқтисодиёти”га уриниш давлатга очиқ таҳдид сифатида қабул қилинади. Бу таҳдидга эса, таъкидланганидек, на мамлакат ичида, на унинг ташқарисида тоқат қилинади. Чунки жиноий фаолият нафақат хавфсизликка, балки давлатнинг халқаро имижига ҳам зарба беради.
Абулфайз Сайидасқаров