“Кўприкқурилиш” АЖ бошқаруви раиси жаримага тортилди
Зафар Махаматов янги қурилган “Сергели” ва “Ер усти ҳалқа йўли” метро йўналишларидаги камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўрмаган.
“Кўприкқурилиш” АЖ бошқаруви раиси Махаматов Зафар Эргашбоевичга ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланилди.
Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида маълум қилинди.
Интизомий жазо сабаби қуйидагича изоҳланган: янги қурилган “Сергели” ва “Ер усти ҳалқа йўли” метро йўналишларидаги камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўрмагани сабабли Давлат қабул комиссияси томонидан ҳанузгача қабул қилинмаган.
Шунингдек, шаҳарсозлик кодекси ва соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатлари ижросини бузган ҳолда хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан, масъулиятсизликка йўл қўйган.
Махаматов томонидан 2024 йил 29 октябрда имзоланган 178-сонли тушунтириш хати орқали қарорда келтирилган "Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линияларининг қурилиши" ҳамда "Тошкент метрополитени Сергели йўналиши қурилиши" лойиҳаларини амалга оширишнинг дастлабки босқичларида қатнашиб, асосий қурилиш-монтаж ишлари ва объектларни фойдаланишга топшириш даврида корхонага раҳбарлик қилмаганлигини; шу сабабли, лавозимда бўлмаган ва меҳнат мажбуриятлари бўлмаган шахсга нисбатан интизомий жазо қўллаш мумкин эмаслигини билдирилган. Тушунтириш хатида мазкур лавозимга тайинланганидан буён "Тошкент метрополитени Сергели йўналши қурилиши" ва "Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линияларининг қурилиши" объектлари Давлат қабул комиссияси томонидан ҳанузгача қабул қилинмаганлиги сабаблари кўрсатилмаган.
Интизомий жазо қарори ижросини назорат қилиш директорнинг биринчи ўринбосари Н.Ҳусанов зиммасига юкланган.