platina.uz

Хонканди шаҳрида Ўзбекистон билан ҳамкорликда тикув фабрикаси очилди

Президент Мирзиёев Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев, Чехия Республикаси Бош вазири Петр Фиала, Греция Бош вазири Кириакос Мицотакислар билан учрашув ўтказди. 

Сиёсат
13 ноябрь, 16:33
Хонканди шаҳрида Ўзбекистон билан ҳамкорликда тикув фабрикаси очилди

Боку шаҳрига амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Озарбайжон етакчисини БМТнинг Иқлим бўйича саммити (COP29) муваффақиятли ташкил этилгани билан самимий муборакбод этди.

Жорий йил август ойида олий даражада эришилган келишувлар доирасида Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди

Икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни жадал ривожлантириш йилида ҳамкорлик юксак даражага етгани мамнуният билан қайд этилди.

Товар айирбошлаш ҳажми ошмоқда, автомобилсозлик, тўқимачилик, электротехника, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва шаҳарсозлик ҳамда бошқа йўналишларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Лойиҳалар портфелини, шу жумладан Қўшма инвестиция компанияси маблағларини жалб этган ҳолда янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашишга қаратилган амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Фаол маданий-гуманитар ва ҳудудлараро алмашинувни давом эттириш, шунингдек, 2025 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида кенг қамровли тадбирлар дастурини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув доирасида Хонканди шаҳрида қўшма тикувчилик фабрикасини ишга тушириш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрида ўтаётган БМТнинг Иқлим бўйича конференцияси доирасида Чехия Республикаси Бош вазири Петр Фиала билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон-Чехия муносабатларини янада ривожлантириш ва устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Чехия анъанавий равишда мамлакатимизнинг Европадаги муҳим ҳамкори ҳисобланади. Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 баробар, қўшма корхона ва лойиҳалар сони 3 баробар кўпайди.

Ҳукуматлараро комиссия ишини фаоллаштириш, товар айирбошлашни кўпайтириш бўйича "йўл харитаси" ва аниқ лойиҳалардан иборат саноат кооперацияси дастурини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича COP29 саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис билан учрашув ўтказди.

Суҳбатда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва амалий алоқаларни ривожлантириш масалалари, айниқса, сиёсий ҳамда савдо-иқтисодий соҳалардаги муносабатлар муҳокама қилинди.

Товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш чораларини ишлаб чиқиш, фармацевтика, электротехника, қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа соҳаларда кооперация лойиҳаларини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, маданий-гуманитар ва сайёҳлик йўналишларидаги алмашинувларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Келгуси йилда сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини Афинада ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишини Тошкентда ўтказишга келишиб олинди.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+