Илон Маск ҳукумат самарадорлиги бўйича департаментни бошқаради
Янги маъмуриятда Пентагонга Fox News телеканали бошловчиси Пит Хегсет, Марказий разведка бошқармасига эса Жон Рэтклифф раҳбарлик қилади.
Доналд Трамп даврида миллиардер Илон Маск қайси лавозимда ишлаши, шунингдек, МРБ ва мудофаа раҳбарлари ким бўлиши маълум қилинди.
АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп янги маъмуриятда Пентагон раҳбари ва Марказий разведка бошқармаси директори номзодини илгари сурди ҳамда бизнесменлар Илон Маск ва Вивек Рамасвамини ҳукумат самарадорлиги бўйича янги департаментга раҳбарлик қилишни таклиф қилди.
АҚШнинг янги мудофаа вазири армия фахрийси ва Fox News телеканали бошловчиси Пит Хегсет, Марказий разведка бошқармасига эса Миллий разведканинг собиқ директори Жон Рэтклифф раҳбарлик қилади.
Хегсетнинг тайинланиши янги маъмуриятда асосий ва энг кутилганларидан бири ҳисобланади.
"Пит қаттиққўл, ақлли ва ҳақиқатан ҳам Америка биринчи ўринда туришига ишонади", деди Трамп ўз баёнотида.
" Пит бошчилигида Американинг душманлари огоҳлантирилади - бизнинг армиямиз яна буюк бўлади ва Америка ҳеч қачон чекинмайди".
Техаслик собиқ конгрессмен Рэтклифф ҳақида Трамп "у ҳар доим Америка халқи билан ҳақиқат ва ҳалоллик тарафдори бўлган", деди.
Ўз навбатида дунёнинг энг бой одами Илон Маск янги лавозими бўйича муносабат билдирди.
"Бу бюрократия учун катта хавф" дея ёзган тадбиркор Х тармоғида.