Доналд Трамп Илон Маскка интервю берди: асосий фикрлар
Сайловдаги рақибларини қоралаган Трамп "Украина муаммосини осонлик билан ҳал қилиш мумкинлигини", "Шимолий Кореяни тўхтатиб қолгани" ҳақида ҳам гапирди.
АҚШ собиқ президенти ва амалдаги номзод Доналд Трамп миллиардер Илон Маскга интервью берди. Сиёсатчи асосан сайлов, рақиблари ва жаҳондаги вазият ҳақида гапирган.
Жумладан, у ўз рақиби Камала Харрис ва амалдаги давлат раҳбари Жо Байденни қобилиятсиз деб атаган.
"Мен улар ҳеч нарса қилмаслигига ишонаман, буларнинг барчаси ростини айтсам, менимча, Камала Байдендан ҳам кўра қобилиятсизроқ", деди президентликка номзод.
Дунё бўйлаб юз минглаб фойдаланувчилар кутган суҳбат жиддий кечикишларга дуч келди ва 40 дақиқа кеч бошланди. Маскнинг сўзларига кўра, Х тармоғи "катта DDOC ҳужумига" дучор бўлган ва у эшиттиришни кечиктирган.
Агар Трамп қайта сайланса, Россия президенти Владимир Путин билан яна бир бор "келишиш"ни кутмоқда. Аввалроқ Трамп Украина урушини 24 соат ичида ҳал қилишда ваъда берганди.
Трампнинг сўзларига кўра, АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши бўйича музокараларга рухсат бериб, "аҳмоқлик қилган".
"Украинада ҳозир эркаклар этишмаяпти, улар жанг қилиш учун ҳозир ёшлар ва жуда кекса одамлардан фойдаланмоқда ва... биз жуда ёмон аҳволдамиз. Ва мен бунга чек қўя олардим", деди собиқ президент.
У, шунингдек, Эронга мурожаат қилиб, агар у президент бўлса, Теҳрон Исроилга ҳужум қилмаслигини айтди. "Мен Эронга ёмонлик қилишни хоҳламайман", деди республикачи номзод. Трампнинг сўзларига кўра, собиқ президент Барак Обама уни Шимолий Кореянинг ядро қуроли АҚШ олдида турган "энг катта муаммо" экани ҳақида огоҳлантирган. "Президент Обама биз (Шимолий Корея билан) ядровий уруш бошлаймиз, деб ўйлаган эди", — деди Трамп. "Мен бу муаммони тезда ҳал қилдим", дея қўшимча қилди у Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан кўп сонли учрашувларини мисол келтириб.
У Махфий хизматнинг июль ойидаги суиқасд пайтидаги ҳаракатларини "профессионал" деб баҳолади, аммо умумий вазият унда "сюрреал таассурот" қолдирган.