Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари қўлга олинди
Май ойида ушланган Ховос тумани ҳокими ўринбосари эса Сардоба туман судининг ҳукмига мувофиқ 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Унда Деҳқонобод тумани ҳокимининг ўринбосари тумандаги Қорашина шаҳарчасини ободонлаштириш доирасида қурилган объектни фойдаланишга қабул қилиш далолатномасига имзо қўйиш эвазига туман ҳокимлигининг маъмурий биноси ёнида 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур объектдаги камчиликларни солиштирма далолатнома расмийлаштириш йўли билан бартараф этиб бериш эвазига 15 млн. сўм олган вақтида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси етакчи мутахассиси ҳам қўлга олинди.
Ҳозирда ҳоким ўринбосари ҳамда давлат унитар корхонасининг етакчи мутахассисига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Навоий шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари фуқарога Хатирчи туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида банкдан 100 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи олиб бериш эвазига 20 млн. сўм олган вақтида ушланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, муқаддам судланган ҳоким ёрдамчиси ўз хизмати учун 10 млн. сўм ҳамда Хатирчи туманидаги акциядорлик тижорат банки мутахассиси эса тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, кредит маблағи ажратиб бериш эвазига 2 млн. сўм олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Шаҳрихон туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога банкдан 100 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилишида ёрдам бериш эвазига 9 млн. сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ҳоким ёрдамчисига нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 214-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жорий йилнинг май ойида Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Ховос тумани ҳокимининг ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи МЧЖга тегишли ерларни ҳокимлик захирасига олмаслик, аксинча, суғориш ишларига шароит яратиб бериш ҳамда фаолиятига ҳеч ким аралашмаслигини таъминлаш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 1000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган эди.
Ҳовос тумани ҳокими ўринбосарига нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ҳамда 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.
Жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг ҳукмига мувофиқ, мазкур мансабдор шахс 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.