Пойтахтда МЧЖ раҳбари судланди
У Тошкент шаҳар ҳокимлиги "Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси" масъуллари билан тил бириктириб, қўшиб ёзган ва ҳужжатларни сохталаштирган.
2024 йил 25 октябр куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган ишга кўра, "KARKAS JBI TRADE" МЧЖ таъсисчиси ва раҳбари Ч.М. Тошкент шаҳар ҳокимлиги "Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси" ДУК буюртмаси асосида Қурилиш вазирлигининг танлов савдоларини ташкил этиш Тошкент шаҳар консалтинг маркази томонидан эълон қилинган тендер танловида иштирок этиб, 3,1 млрд сўмга бажариш шарти билан танлов ғолиби деб топилишга эришган.
Шундан сўнг буюртмачи "Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси" ДУК ва "KARKAS JBI TRADE" МЧЖ ўртасида пудратчи сифатида Мирзо Улугбек туманидаги 421-кўп қаватли уйнинг фасад қисми, кириш йўлаклари, умумий ошхонаси, умумий ванна ва ҳожатхонасини таъмирлаш ишларини 3,1 млрд сўмга 150 кунда якунлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Ч.М. бажарилиши кўзда тутилаётган таъмирлаш ишларига ҳақиқатда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзган ҳолда тўловга тақдим этиш каби иқтисодий яширин жиноий усулда, ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида жамият бош ҳисобчиси Дж.С., "Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси" ДУК томонидан бажарилган ишлар сифатини техник назорат қилиш, функционал вазифасига асосан бажарилган ишлар ҳажмини текшириш ва қабул қилиш учун маъсул Р.Б. ва А.Н. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, ҳақиқатда 2,9 млрд сўмлик ишлар бажарилганини била туриб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда бажарилмаган ишлар ва тўловга ортиқча тақдим этилган ишлар учун ортиқча (54,224,786 + 2,075,838) пулни буюртмачи ҳисобрақамидан МЧЖ ҳисобрақамига тушириб, анча миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Бундан ташкари Ч.М. ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, жиноий ҳаракатларини яшириш ва муқаррар жазодан қутулиб қолиш учун ДУК масъули Ф.Б. билан олдиндан жиноий тил бириктирган ҳолда, бир гуруҳга бирлашиб, юкоридаги бажарилган ишлар таннархи ҳақидаги ҳисоб-варақлари (форма-3) билан тўловга ортиқча тақдим этилганини яшириш мақсадида, ушбу ишларга сарфланган қурилиш материаллари ва бошқа харажатларни тасдиқловчи, муҳим аҳамиятга эга "қилинган иш турлари ва сарфланган қурилиш материаллари рўйхати" (форма-2)ларни қасддан нобуд қилган.
Судланувчи Ч.М. суд мажлисида унга нисбатан эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлигини билдириб, зарарни қоплаганини, нафақа ёшидалигини айтиб, унга нисбатан енгиллик берилишини сўраган.
Суд судланувчига нисбатан жазо тури ва миқдорини тайинлашда содир этилган жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва хусусиятини, унинг шахсини эътиборга олиб, жиноятни ғараз ва паст ниятларда содир этгани жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисоблаб, шу билан бирга айбига қисман иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, моддий зарарни тўлиқ қоплагани, фуқаровий даъвогарнинг даъвоси йўқлиги, 60 ёшдан ошгани, юрак-қон томирларига сунъий мосламалар ўрнатилганини жазони енгиллаштирувчи холатлар деб эътироф этди. Шу боисдан унга нисбатан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, шу билан бирга моддий зарар қоплангани ҳамда нафақа ёшида эканини ҳам эътиборга олиб, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаш қонунга зид экани учун айбланаётган моддалар санкциясида назарда тутилган жарима жазосининг энг кам миқдорда тайинлашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблади.
Шу тариқа суд Ч.М.га ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми "б,в,г" бандлари билан унга нисбатан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 55 баравари, яъни 18,1 миллион сўм жарима жазосини тайинлади.
Суд ҳужжати Олий суд очиқ порталидан олинди.