290 жабрланувчи ва қоғозда қолган “Eco dream”— шов-шувли “Glamour Gold” иши якунланди
Одамлардан 97 млрд сўм олиб, квартираларни топшира олмаган “Glamour Gold” қурилиш компанияси мансабдорларига суд ҳукми ўқилди. Ишда асосий фигурант бўлган компания директори Дмитирий Кан қарийиб 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. Жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни қоплаш учун “Eco dream” ТЖМ биноси ҳамда судланувчиларга тегишли нотурар бинолар, автомобиллар сотувга чиқариладиган бўлди.

21 сентябр куни ЖИБ Юнусобод туман судида “Glamour Gold” қурилиш компанияси мансабдорларига ҳукм ўқилди. Platina.uz суд ҳужжати билан танишди.
Иш тафсилоти
“Glamour Gold” компанияси 2020 йилда Тошкентнинг Юнусобод туманида “Eco dream” ТЖМ лойиҳасини бошлаган. Унга 300 га яқин одам турли миқдорда тўлов қилган. Шартномаларда хонадонлар 2022-2023 йилларда топширилиши белгиланган. Аммо турли важлар билан ваъдалар бажарилмаган.
Одамларнинг шикоятларидан сўнг, компания мансабдорларига жиноят иши қўзғатилган. 2026-йил 29 апрел куни Тошкент шаҳри прокурори Анвар Ўрмонов ва ички ишлар вазири ўринбосари жабрланувчилар билан учрашиб, тергов ҳақида маълумот берган.
“Ёлғончилиги учун, сизларни алдаганлиги учун ҳам бу исботланди ва қамоқда ўтирибди. Агар моддий зарар 97 млрд бўлса, ундан ташқари сизларга қуриб берилган яна 300 та квартираси ҳам запасда турибди. Бизлар охирига етказиб берамиз, ҳурматли фуқаролар. Сизлар, бугунги ҳолатда сизларнинг ҳар бирингизнинг ҳаққингиз бор жиноят иши билан танишиб чиқишга”, — деган Рамазон Ашрапов.
Бундан ташқари, “Eco dream” қурилиш лойиҳаси фирибгарлик схемаси бўлгани, одамлар компания ҳисобига 97 млрд сўм кирим қилгани аниқланган. Шундан кейин, суднинг ажрими билан “Glamour Gold” компанияси директори Дмитирий Канга тегишли 65 млрд 582 млн сўмлик кўчмас мулклар ва транспорт воситалари ва бошқалар хатланиб, уларга тақиқ қўйилган.
Булар:
- Юнусобод туманидаги собиқ “Опера” тунги клуби (15,3 млрд сўм);
- Мирзо Улуғбек туманидаги собиқ “Шамбала” тунги клуби (28,5 млрд сўм);
- Сергели туманидаги собиқ “Утопия” тунги клуби (21,3 млрд сўм);
- умумий қиймати қарийб 300 млн сўмлик транспорт воситалари бўлган.

Суд
“Glamour Gold” иши ЖИБ Юнусобод туман судида кўриб чиқилди. Унда компания раҳбари Дмитирий Кан билан бирга 9 нафар мансабдор судланди.
Суд ҳукмига кўра, Кан Юнусобод туманида жойлашган “Builders Union Ата" ҳамда Қибрайдаги “JK Eco dream" МЧЖларда норасмий раҳбар сифатида ишлаб қурилиш ҳуқуқини бермайдиган лойиҳа-смета ҳужжатларини асос қилиб харидорларни алдаб келган.
Маълум бўлишича, Кан ва унинг шериклари 2020 ва 2022 йилда қурилиш материаллари сотиб олиш ҳамда бошқа харажатлар учун банкдан жами 32 млрд сўмга яқин кредит олган. Бундан ташқари, улар 2020 йил сентябридан 2024 йилнинг октябрига қадар одамлардан 97 млрд сўм йиғган. Маблағларнинг бир қисми бошқа мақсадларга сарфлаб юборилган. 47 мрлд 585 млни эса олинган кредитни сўндиришга йўналтирилган. Шу тариқа, квартиралар фойдаланишга топширилмаган. Оқибатда, 290 нафар фуқаро на уйли, на пулли бўлган.
Жазо
ЖИБ Юнусобод туман судининг 2026 йил 21 сентябрдаги ҳукми билан Дмитрий Кан Жиноят Кодексининг 168-моддаси(фирибгарлик), 19211-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) 228-моддаси(Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан айбдор деб топилиб қарийиб 10 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Жазони умумий режимли колонияда ўталиши белгиланди.
Дмитирий Кан судда ўзига қўйилган айбловларни тан олмади. Олинган кредитларнинг маълум қисмини бошқа бир судланувчи А.Г. ўзлаштирганини айтди.
Қолган судланувчилар С.А., Ҳ.А., К.С. ларнинг ҳар бирига 9 йил 6 ой, В.P.ga 5 йил 1 ой, Э.С. га 5 йил 6 ой(фарзанди 3 ёшга тўлгунга қадар ҳукм ижроси 2029 йил 3 февралга кечиктирилди), А.Г.га 8 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчи Д.С. эса ЖК 168-моддаси 3-қисми “а, б” бандлари билан айбдор деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баробари, яъни 73 500 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Судланувчи А.К. эса 4 йил 6 ойга яқин муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
Судланувчилардан жабрланувчиларга етказилган моддий зарар қопланадиган бўлди. Бунда судланувчиларга тегишли нотурар бинолар, машиналар ҳамда Юнусобод туманида қуриб битказилиши охирига етмаган “Eco dream” ТЖМ биноси сотувга чиқарилиб зарарни қоплашга йўналтирилади.
Шаҳзод Ўроқбоев тайёрлади




