platina.uz

Президент водород пероксид заводига борди

Водород пероксиди шу пайтгача Ўзбекистонга катта харажатлар билан фақат чет элдан олиб келинар эди. Энди эса маҳаллий маҳсулот ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаб, импорт ўрнини тўлдиради. Шавкат Мирзиёев кимёвий маҳсулотлар технопаркини ҳам бориб кўрди. 

Жамият
6 кун аввал, 16:00
Президент водород пероксид заводига борди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни Навоий вилоятига ташриф буюрди.

Бу ҳудуд ривожланган индустрияси билан мамлакатимиз иқтисодиётида катта ўрин тутади. Иқтисодий ва инвестициявий имкониятлар туфайли сўнгги йилларда янги корхоналар кўпайиб бормоқда.

Давлат раҳбари Навоий шаҳридаги “Uzbekistan hydrogen peroxide” қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.

Вилоятдаги корхоналарга водород пероксиди доим зарур. Умуман, юртимиз саноат тармоқларида бу кимёвий бирикмага йиллик талаб ўртача 15 минг тоннадан зиёд. Жорий йилда ўз фаолиятини бошлаган “Uzbekistan hydrogen peroxide” қўшма корхонасида шундай талабгир маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Қиймати қарийб 30 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида завод қурилиб, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Германия, Италия ва Швециядан замонавий ускуналар келтирилиб ўрнатилди. 80 га яқин киши иш билан таъминланди. Корхона йилига 30 минг тонна водород пероксиди ишлаб чиқариш қувватига эга.

Бу бирикмадан кимё, металлургия, электр техникаси, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги каби ўнга яқин тармоқда фойдаланилади. Жумладан, қоғоз, маиший ва кимёвий воситалар ишлаб чиқариш, уран ва кобальт маҳсулотлари қазиб олишда фаол қўлланилади. Қадоқларни тозаловчи, сунъий ва синтетик толаларни оқартирувчи восита сифатида ишлатилади.

Асосийси, иқтисодий самарадорлик юқори. Бу ерда табиий газ чуқур қайта ишланиб, бозорбоп маҳсулотга айлантирилади. Мисол учун, 60 фоизли водород пероксиди тиббиётда уч баробар, маиший кимё воситаларида икки баробар қўшилган қиймат яратади.

Корхона лабораториясига ҳам энг сўнгги русумдаги жиҳозлар ўрнатилган. Унда ҳар соатда таҳлил ўтказилади. Бу маҳсулот сифатини доимий назорат қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди, мутахассислар билан суҳбатлашди.

- Ҳар бир лойиҳадан мақсад - юқори даромад, қўшилган қиймат. Бу корхона шу жиҳатдан маъқул. Энди ишлаб чиқариш барқарорлиги, харидорлар ишончи учун буни кафолатланган хомашё билан таъминлаш керак. Маҳаллийлаштириш дастури асосида қулай шартларда кредит ажратиш ҳам мумкин, - деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга бу корхона мисолида шундай лойиҳаларни кўпайтириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берилди.

Водород пероксиди шу пайтгача Ўзбекистонга катта харажатлар билан фақат чет элдан олиб келинар эди. Энди эса маҳаллий маҳсулот ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаб, импорт ўрнини тўлдиради. Шу билан бирга, яқин минатақада бундай корхона йўқ. Шу боис маҳсулот МДҲ ва Европа мамлакатларига ҳам етказиб берилмоқда. Қисқа вақтда қарийб 1,5 миллион долларлик экспорт қилинган. Корхонанинг йиллик экспорт салоҳияти 10 миллион доллар.

Бу суюқ кимёвий маҳсулотларни сақлаш ва етказиб бериш учун шу ернинг ўзида пластик қуйма идишлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Корхонани муқобил энергия билан таъминлаш мақсадида қуввати 27 киловатт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган.

Яна бир эътиборли жиҳати, илгари мамлакатимиз кимё соҳасида хусусий сектор бўлмаган. Бу корхона сўнгги йилларда соҳага кириб келган тадбиркорлик субъектларидан бири.

Шу ерда корхона фаолиятини янада кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Хусусан, Туркиянинг “Orbak Metal Industry” компанияси билан гидроген пероксиди ишлаб чиқариш қувватини 45 минг тоннага ошириш, шунингдек, туташ ҳудудда озиқ-овқат саноати лойиҳасини ташкил этиш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Кармана туманида барпо этилаётган кимёвий маҳсулотлар технопаркини бориб кўрди.

Навоий вилоятида кимё саноати ривожланган. Ҳудудда минерал ресурслар кўп, тармоқ инфратузилмаси ва кадрлар салоҳияти яхши. Бундан фойдаланиб, истиқболли корхоналар ташкил этиш учун эса мамлакатимизда қулай инвестиция муҳити ва тадбиркорларга шароит бор.

Шу негизда хитойлик ишбилармонлар томонидан “Zarafshon industrial technology” номи остида кимё технопарки барпо этилмоқда.

Мазкур мажмуа учун 130 гектар ер майдони ажратилган. Бу ерда умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган 18 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Ҳозиргача уларнинг иккитаси - 40 минг тонна олеум, 170 минг тонна сульфат кислотаси олиш лойиҳалари ишга туширилди.

Эътиборлиси, сульфат кислотаси ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган иссиқликдан унумли фойдаланиш мақсадида 1,4 мегаватт қувватга эга буғ-газ қурилмали энергоблок қурилган. Бу корхона ўзини ўзи тўлиқ электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.

Давлатимиз раҳбарига технопаркда амалга ошириладиган янги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, қиймати 150 миллион долларлик 1 миллион тонна сульфат кислотаси, 120 миллион долларлик 50 минг тонна каустик сода ҳамда 135 миллион долларлик 100 минг тонна фталоцианин (тўқимачилик бўёғи) ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши бошланган.

Технопаркда бошқа тармоқлар билан кооперация алоқалари самарали йўлга қўйилади. Натижада қурилиш саноатида 75 миллион, енгил саноатда 107 миллион, тиббиётда 38 миллион долларлик четдан келадиган маҳсулотлар ўрни қопланади.

Технопаркда маҳаллийлаштириш айни пайтда 31 фоизни ташкил қилади. Лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилиши натижасида бу кўрсаткич икки баробар ортади.

Давлатимиз раҳбари корхоналарда ишлаб чиқариш балансини таъминлаш, "off take" шартномалар қилиб, маҳсулотларни кафолатли сотиш зарурлигини таъкидалди.

Бугунги кунда технопаркда 300 кишининг бандлиги таъминланган. Барча лойиҳалар амалга ошгач, 2 мингдан зиёд иш ўрни яратилади, антрахинон, каустик сода, мис хлориди, диметилсульфат, натрий сульфид, резорцин каби маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилади. Технопаркнинг йиллик экспорт салоҳиятини 2026 йилда 30 миллионга етказиш ва изчил ошириб бориш режалаштирилган.

Шунингдек, керакли коммуникация тармоқлари ҳам хорижий инвестор маблағлари ҳисобидан қурилмоқда.

Шу ерда 2024-2030 йилларда "Навоийазот" акциядорлик жамияти негизида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимот қилинди.

Унга кўра, 5 миллиард долларлик 22 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Уларда 3 мингдан зиёд янги иш ўрни бўлади. Йилига 2 миллиард доллардан зиёд кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, асосий қисми экспортга йўналтирилади.

Президент лойиҳаларда экология талабларига алоҳида эътибор қаратиш, заводларни углерод оксидини ҳавога кам чиқарадиган ускуналар билан жиҳозлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Лойиҳалардан 4 таси келгуси йили фойдаланишга топширилиши мўлжалланган. Давлат раҳбари уларнинг инвесторлари билан мулоқот қилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+