“Қишлоққурилишбанк” Қашқадарё филиалидан 4,5 млрд сўмни ўзлаштирган тадбиркор жазоланди
У судда етказилган зарар тўлиқ бартараф қилинганини, қарамоғида 3 нафар фарзанди борлигини айтиб, қонуний енгиллик беришни сўраган.
2024 йил 9 октябрда “Қишлоққурилишбанк” (ҳозирги номи “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ) Қашқадарё минтақавий филиалидан 4,5 млрд сўм кредит олиб, уни ўз манфаати йўлида ишлатиб юборган тадбиркорга суд ҳукми ўқилди. Суд ҳужжати Platina.uz сайти ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, “S.U.O.B.” МЧЖ раҳбари С.А.С. АТБ “Қишлоққурилишбанк” Қашқадарё минтақавий филиалидан жуда кўп миқдорда кредит олиб, жуда кўп миқдордаги пул маблағини қўлга киритишни ва банк мулкини ўзлаштиришни кўзлаган.
У 2021 йил декабр ойида ўзи раҳбарлик қилиб келаётган МЧЖга йирик шохли наслли чорва молларини олиш мақсадида 12 ой имтиёзли давр билан 60 ой муддатга, 20 фоиз (шундан 5% тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қоплаб бериш йўли билан) устама ҳақ тўлаш шарти билан 4,5 млрд сўм кредит олган. Ушбу маблағ эвазига йирик шохли моллар сотиб олиб, уларни сотиб, нақд пулга айлантириб ўзлаштириш йўли билан банкнинг 4,5 млрд сўмлик жуда кўп миқдордаги кредит маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
С.А.С. ўзининг ушбу жиноий ҳаракатлари билан Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни қасддан содир этган.
Судланувчи ўз айбига қисман иқрорлик билдирган. Унинг айтишича, чорва молларига туман иқлими ёқмаган, шўр сув ичгани сабабли ўлган, 36 та чорва моли ўлгани ҳақида ветеринария хулосаси олинган. Етказилган зарар тўлиқ бартараф қилинганини, қарамоғида 3 нафар фарзанди борлигини айтиб, суддан унга нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраган.
Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда ўз айбига қисман иқрор ва пушаймонлигини, 3 нафар фарзанди борлигини, жиноят оқибатида етказилган моддий зарар тўлиқ бартараф қилинганини инобатга олиб, жиноятни ғаразли ва бошқа паст ниятларда содир қилганини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топган.
Суд ҳукмига кўра, С.А.С. Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Суд ҳужжати Олий суд очиқ порталидан олинди.