Хитойда миллиардерлар сони кескин камаймоқда
Мамлакатда ҳозирда 753 та доллар миллиардерлари бор. Камайиш сабаби сифатида фонд бозорларидаги пессимистик кайфият, ҳокимият томонидан тазйиқ ва чекловлар ҳам келтирилмоқда.
Financial Times газетасининг Hurun тадқиқот институти маълумотларига кўра, сўнгги уч йил ичида Хитойда доллар миллиардерлари сони учдан бир қисмдан кўпроққа камайди.
Hurun маълумотларига кўра, мамлакатда миллиардерларнинг максимал сони 2021 йилда қайд этилган - 1185 киши. Шундан сўнг уларнинг сони аста-секин камайиб борди ва охирги ҳисобда 753 та қолган, бу 2021 йилга нисбатан 36 фоизга кам.
Миллиардерлар сонининг қисқаришини фақат юаннинг долларга нисбатан қадрсизланиши билан изоҳлаб бўлмайди. Хитойда доллар миллиардерлари сони сўнгги бир йил ичида 16 фоизга камайди, юань долларга нисбатан 2,5 фоизга қадрсизланди. Охирги уч йил ичида Хитой валютаси долларга қараганда 10 фоизга тушиб кетди.
Хитой тадқиқот институти таъкидлаганидек, миллиардерлар сонининг кескин камайиши ҳалигача тиклана олмаётган Хитой иқтисодиётига COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатлари билан боғлиқ. Сабаб сифатида фонд бозорларидаги пессимистик кайфият, ҳокимият томонидан тазйиқ ва чекловлар ҳам келтирилмоқда.
Hurun'нинг фикрича, Хитойдаги энг бой одам ByteDance раҳбари Чжан Йиминг ҳисобланади. Унинг бойлиги 49,3 миллиард долларга баҳоланган, ҳозирда иккинчи ўринда шиша сув ишлаб чиқарувчи Nongfu Spring компаниясининг эгаси Чжунг Шаншан, учинчи ўринда эса Tensent бош директори Пони Ма эгаллагаан, унинг бойлиги 44,4 миллиард долларга баҳоланган.