platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Таҳлил

Си Цзинпин ҳокимиятдаги тўртинчи муддатга тайёрланмоқда: Хитойда сиёсий тозалашлар нега кучаймоқда?

Хитой раҳбари Си Цзинпин 2027 йилда Коммунистик партия етакчиси сифатидаги тўртинчи муддатини қўлга киритишга тайёрланмоқда. Қурултой арафасида коррупцияга қарши текширувлар кучайиб, юқори мартабали амалдорлар ва ҳарбий раҳбарлар ҳам тергов нишонига айланмоқда. Таҳлилчиларга кўра, бу компания нафақат коррупцияга қарши кураш, балки партия устидан назоратни мустаҳкамлаш ва амалдорларнинг раҳбарга садоқатини таъминлаш воситаси ҳамдир.

Си Цзинпин ҳокимиятдаги тўртинчи муддатга тайёрланмоқда: Хитойда сиёсий тозалашлар нега кучаймоқда?
Фото: Associated Press

Хитой раҳбари Си Цзинпин ўн йилдан ортиқ вақтдан бери коррупцияга қарши кампаниялар ва сиёсий садоқатни текшириш орқали давлат аппаратини қатъий назорат остида ушлаб келмоқда. Бироқ 2027 йилда ҳокимиятдаги навбатдаги беш йиллик муддатини қўлга киритиши кутилаётган 73 ёшли раҳбар айрим амалдорларнинг ҳануз садоқатсиз, лоқайд ва коррупцияга мойил эканидан шикоят қилмоқда.

Бу ҳолат Си Цзинпин учун муаммо фақат коррупцияни жиловлаш билан чекланмаслигини кўрсатади. Гап унинг сиёсий қарорлари ва топшириқларини давлат бошқарувининг барча бўғинларида сўзсиз амалга оширадиган тизимни шакллантириш ҳақида бормоқда.

The New York Times нашрининг 2026 йил 26 октябрда эълон қилинган Чрис Буcклей муаллифлигидаги таҳлилига кўра, Хитой раҳбарининг назоратни кучайтиришга қаратилган сиёсати навбатдаги партия қурултойи арафасида янги босқичга кирган. Юқори мартабали амалдорларга қарши текширувлар ҳамда партия ичидаги интизомни мустаҳкамлаш чоралари Си Цзинпиннинг ҳокимиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.

Қурултой арафасида сиёсий тозалашлар

Хитой Коммунистик партияси 2026 йил 26 октабрда Пекинда Марказий қўмитанинг тўрт кунлик йиғилишини бошлади. Унда партия бошқарувини кучайтириш, амалдорлар интизомини мустаҳкамлаш ва давлат сиёсати ижросини таъминлаш масалалари кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Мазкур йиғилиш 2027 йил охирида ўтказилиши кутилаётган партия қурултойи олдидан алоҳида аҳамиятга эга. Ҳар беш йилда бир марта ташкил этиладиган қурултойда партиянинг юқори раҳбарияти таркиби янгиланади. Си Цзинпиннинг тўртинчи муддатга сайланиши кутилаётган бир пайтда у ўз қўл остида фаолият юритадиган янги авлод амалдорларини ҳам шакллантириши керак.

Хитой сиёсатини ўрганувчи экспертлар фикрича, раҳбарнинг амалдорлар садоқатига бўлган талабчанлиги айнан шу сиёсий жараён билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Asia Society Policy Institute катта илмий ходими Нил Томаснинг таъкидлашича, Си Цзинпин учун энг муҳим вазифалардан бири — Коммунистик партияни янада кучайтириш.

«Си ўзидан қандай мерос қолишини истайди? Менимча, энг аввало, бу Хитойнинг янада кучли бўлишидан ҳам кўра, Коммунистик партиянинг янада кучли бўлишидир. Унинг назарида, биринчиси иккинчисининг энг муҳим шартидир», — дейди Томас.

Хитой раҳбари 2012 йилда ҳокимиятга келганидан буён партиянинг жамият устидан назоратини кенгайтирди. Бугунги кунда Коммунистик партиянинг 101 миллион аъзоси мавжуд. Партиявий аппарат орқали Си Цзинпин дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиётини ва 1,4 миллиард аҳолига эга мамлакатни бошқаради.

Бироқ тизимнинг катталиги ва кенг қамрови марказий раҳбарият учун алоҳида муаммони ҳам юзага келтиради: марказдан берилган топшириқлар жойларда қай даражада ва қандай бажарилмоқда?

Собиқ мерга қарши тергов: сиёсий элита ҳам ҳимояланмаган

Хитойда сиёсий тозалашлар кўламини кўрсатадиган сўнгги воқеалардан бири Чунсин шаҳрининг собиқ мери Хуан Қифан устидан текширув бошланиши бўлди.

74 ёшли Хуан саккиз йил аввал юқори давлат лавозимларидан кетганига қарамай, жамоатчилик орасида фаол бўлиб қолган. У иқтисодий масалалар бўйича чиқишлар қилган ва китоблар ёзган. Шунингдек, у ўзидан олдин фаолият юритган бир нечта юқори мартабали партия амалдорларининг сиёсий инқирозга учрашига қарамай, ўз мавқеини сақлаб қолган эди.

Бироқ Хитой Коммунистик партияси унинг «партия интизоми ва қонунларни жиддий равишда бузиш» гумони билан текширилаётганини эълон қилди.

Хуан иши муҳим сиёсий сигнал сифатида кўрилмоқда. Чунки бу ҳолат юқори лавозимдаги амалдорлар, ҳатто давлат хизматидан кетганидан кейин ҳам, терговдан ҳимояланмаганини кўрсатади.

Партия текширувлари одатда коррупцияга оид айбловлар билан якунланиши мумкин. Бундай жараёнларнинг сиёсий аҳамияти шундаки, улар амалдорлар орасида марказий раҳбарият талабларига риоя қилиш зарурлигини яна бир бор эслатади.

Хуан билан боғлиқ хабардан кейин Пекин шаҳри мери ўринбосари Ся Линмао ҳам текширувга тортилгани маълум қилинди.

«Касалланган дарахтларни суғуриб ташлаш» сиёсати
Си Цзинпин коррупцияга қарши курашни нафақат қонунбузарликларни аниқлаш, балки партиянинг ички сиёсий ва мафкуравий интизомини мустаҳкамлаш воситаси сифатида ҳам кўради.

У жорий йил бошида қилган нутқида айрим амалдорлар берилган топшириқларни виждонан бажармаслиги, аксинча, раҳбариятга содиқдек кўринишга уриниши ҳақида гапирган. Унинг таъкидлашича, айрим амалдорлар партия қоидалари ва қадриятларига нисбатан ҳақиқий муносабатини яшириб, «иккиюзламачилик» қилади.

Си коррупцияга ботган амалдорларни касалланган дарахтларга қиёслаб, «суғуриб ташланиши керак бўлган касал дарахтларни суғуриб ташлаш, кесилиши керак бўлганларини эса кесиш» лозимлигини айтган.

Бу ибора Хитой раҳбариятининг амалдорлар устидан назоратни кучайтиришга бўлган қатъий ёндашувини ифодалайди.

Си илгари сураётган «ўзини ўзгартириш инқилоби» деб аталувчи сиёсат мунтазам текширувлар, амалдорларнинг ўз фаолиятини баҳолаши ва партия ичидаги танқидий муҳокамаларни ўз ичига олади. Мақсад — давлат аппаратини интизомли сақлаш ва партия қарорларининг бажарилишини таъминлаш.

The New York Times келтирган расмий статистикага кўра, 2023 йилда вилоят ёки вазирлик даражасидаги лавозимларда ишлаган 49 нафар амалдор ва туман даражасидаги лавозимларда фаолият юритган 24 минг киши жазоланган. 2025 йилда эса бу кўрсаткичлар мос равишда 69 нафар ва 35 минг кишини ташкил этган. Бу рақамлар партия ичидаги интизомий назорат кўлами кенгайганини кўрсатади.

Ҳарбий раҳбарият ҳам тозалашлар марказида

Сўнгги йилларда коррупцияга қаршкомпанияларнингнг энг кескин йўналишларидан бири Хитой ҳарбий раҳбариятига қаратилди.

2026 йил бошида мамлакатнинг энг юқори мартабали генералларидан бири Чжан Ёуся ҳибсга олиниб, коррупция ва садоқатсизликда айбланди. 2022 йилдан буён қарийб 100 нафар юқори мартабали ҳарбий хизматчи текширувга тортилган ёки жамоатчилик эътиборидан ғойиб бўлган. Уларнинг айримлари тергов қилинаётган бўлиши мумкин.

Ҳарбий раҳбариятдаги бундай ўзгаришлар Си Цзинпин учун икки томонлама аҳамиятга эга. Бир томондан, улар қуролли кучларда коррупцияни чеклаш ва марказий раҳбариятга бўйсунишни кучайтиришга хизмат қилиши мумкин. Иккинчи томондан, кўплаб тажрибали ҳарбий раҳбарларнинг лавозимдан четлатилиши бошқарув барқарорлиги ва ҳарбий салоҳиятга таъсири борасида саволлар туғдиради.

Вена университетининг Хитой сиёсати ва ҳуқуқи бўйича ўқитувчиси Линг Ли коррупцияга қарши кампания одатий бошқарув амалиётига айланганини таъкидлайди.

«Коррупцияга қарши кампания энди оддий кампания эмас, чунки у шу қадар одатий ҳолга айланганки, тизимнинг бир қисмига айланди», — дейди у.

Линг Лининг фикрича, коррупция қилиш имкониятларининг қисқариши амалдорлар учун мавжуд рағбатларни камайтирган бўлса, жазоларнинг оғирлашиши эса уларга нисбатан босимни кучайтирмоқда.

Собиқ иттифоқчилар ҳам шубҳа остидами?

Партия ичидаги текширувлар фақат амалдаги амалдорлар ёки ҳарбий раҳбарлар билан чекланмаётган бўлиши мумкин. Сўнгги воқеалар Си Цзинпиннинг шубҳалари собиқ юқори мартабали сиёсатчилар ва уларнинг таъсир доираларига ҳам қаратилаётганини кўрсатади.

Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш марказий комиссиясининг собиқ раҳбари Ван Сишаннинг узоқ йиллик ёрдамчилари ва собиқ бўйсунувчиларидан бир нечтаси текширувга тортилган.

Улар орасида молия соҳаси амалдори Чжоу Лянг ва интизом масалалари бўйича амалдор Ли Сяоҳун бор. Ван Сишаннинг собиқ котиби Дун Хун эса 2022 йилда коррупцияга оид айбловлар билан қамоққа ташланган. 2026 йилда унинг яна икки собиқ бўйсунувчиси Марказий комиссиядаги лавозимларидан пасайтирилган.

Ван Сишаннинг ўзи қонунбузарликда айбланмаган. Унинг ёрдамчиларига қарши текширувларнинг аниқ сабаблари ҳам очиқланмаган. Шунга қарамай, бу ишлар Си Сзинпин нафақадаги амалдорлар ўз алоқалари ва собиқ шогирдлари орқали сақлаб қолиши мумкин бўлган сиёсий таъсирдан хавотир олаётгани ҳақидаги тахминларни кучайтирди.

Брукингс институти тадқиқотчиси, Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Жонатан Сзин бу вазиятни Си Сзинпиннинг хавфни қабул қилиш усули билан изоҳлайди. Унинг фикрича, Ван Сишан илгари Си учун муҳим ишларни бажарган бўлса-да, ҳануз мустақил таъсир кўрсатиш имкониятига эга шахс сифатида кўрилиши мумкин.

Бу ҳолат Хитой сиёсий тизимида садоқат масаласи фақат амалдаги лавозим билан белгиланмаслигини англатади. Собиқ раҳбарлар ва уларнинг алоқалари ҳам сиёсий назорат нуқтаи назаридан аҳамиятли бўлиб қолиши мумкин.

Қатъий назоратнинг салбий оқибатлари

Си Цзинпиннинг коррупцияга қарши кампанияси ва партия интизомини кучайтиришга қаратилган сиёсати марказий раҳбариятнинг назорат имкониятларини ошириши мумкин. Бироқ бу ёндашувнинг салбий оқибатлари ҳам бор.

Амалдорлар доимий текширув ва жазоланиш хавфи остида ишлаганида, ташаббус кўрсатиш ёки таваккал қилишдан қочиши мумкин. Натижада давлат бошқарувида сусткашлик кучайиши, маҳаллий муаммоларни ҳал қилиш учун зарур қарорлар кечикиши эҳтимоли ортади.

Яқинда ўтказилган тадқиқот ҳам Хитой амалдорлари орасида таваккал қилишдан қўрқиш ва руҳий тушкунлик ҳолатлари учрашини кўрсатган.

Австралия Миллий университети профессори, тадқиқот ҳаммуаллифи Бенжамин Хиллманнинг таъкидлашича, айниқса, қишлоқ ҳудудларидаги маҳаллий ҳукуматлар марказдан келаётган барча талабларни бажариш учун етарли имконият ва ресурсларга эга эмас.

«Маҳаллий ҳукуматлар, айниқса, қишлоқ ҳудудларидагилари марказдан келадиган барча талабларни бажариш учун зарур имконият ва ресурсларга эга эмас. Маҳаллий амалдорлар баъзан ишларни бажараётгандек кўрсатишга мажбур бўлади», — дейди Хиллман.

Бу муаммо Хитой иқтисодиёти секинлашаётган бир пайтда янада муҳим аҳамият касб этади. Узоқ давом этаётган кўчмас мулк инқирози маҳаллий ҳукуматларнинг молиявий имкониятларини қисқартирди. Чунки кўплаб ҳудудлар узоқ вақт давомида ер сотишдан тушадиган даромадларга таяниб келган.

Шу шароитда Си Цзинпин нафақат коррупцияни чеклаш, балки иқтисодий қийинчиликларга қарамай, амалдорларнинг ўз сиёсий йўналишига содиқ қолишини таъминлашга интилмоқда.

Си Цзинпиннинг асосий мақсади нима?

2027 йилги партия қурултойи Хитой сиёсий тизимининг келгуси йўналишини белгилашда муҳим босқич бўлиши кутилмоқда. Си Цзинпиннинг ҳокимиятдаги тўртинчи муддатга интилиши унинг сиёсий мавқеини мустаҳкамлаши мумкин. Бироқ бу жараён партия ичидаги назорат ва садоқат масалаларини ҳам кун тартибининг марказига олиб чиқмоқда.

Хитой раҳбари учун асосий вазифа — партиянинг катта ва мураккаб давлат аппарати устидан самарали назоратини сақлаб қолиш. Бироқ юқоридан берилган топшириқларни қатъий бажаришни талаб қилиш билан маҳаллий амалдорларнинг ташаббус кўрсатиш имкониятларини сақлаб қолиш ўртасида мувозанат топиш осон эмас.

Коррупцияга қарши кураш давлат бошқарувидаги қонунбузарликларни чеклаши мумкин. Аммо доимий сиёсий босим амалдорларни мустақил қарор қабул қилишдан чўчитиб қўйса, бу бошқарув самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли мавжуд.

Шу сабабли Си Цзинпиннинг тозалаш кампанияларини фақат коррупцияга қарши кураш сифатида баҳолаш етарли эмас. Бу, айни пайтда, партия ичидаги садоқатни мустаҳкамлаш, сиёсий таъсир марказларини назорат қилиш ва 2027 йилдан кейинги бошқарув тизимини шакллантириш жараёнидир.

Си Цзинпин кучлироқ ва интизомлироқ Коммунистик партияни шакллантиришга уринаётган бир пайтда, ушбу сиёсат давлат аппаратининг ташаббускорлиги ва самарадорлигини қай даражада сақлаб қола олади? Хитой раҳбариятининг навбатдаги сиёсий босқичи айнан шу зиддиятни янада яққол намоён қилиши мумкин.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid