platina.uz

ҲАМАС Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга тайёрлигини билдирди

Доҳада Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришиш мақсадида музокаралар қайта бошланди. Унга АҚШ, Исроил ва Қатардан юқори мартабали музокарачилар жалб этилган.

Жаҳон
28 октябрь, 14:19
ҲАМАС Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга тайёрлигини билдирди

Қатардаги ҲАМАС сиёсий бюросининг юқори мартабали аъзоси Ҳусам Бадран гуруҳ раҳбарияти Ғазо секторида сулҳ тузиш бўйича Исроил билан келишувга эришишга очиқлигини айтди. Бу ҳақда The Times of Israel ҲАМАСга яқин Shehab агентлигига асосланиб ёзмоқда.

"Бизнинг талабларимиз аниқ ва маълум ва Нетаняху аллақачон келишилган нарсага содиқ қолса, келишувга эришиш мумкин", деди у.

Бадраннинг баёноти Мисрнинг Ғазода икки кунлик ўт очишни тўхтатиш таклифига муносабат эканлиги аниқ эмас.

Ал-Арабия телеканали аввалроқ ҲАМАС Миср таклифини маълум шартлар асосида қабул қилишга тайёрлигини маълум қилган эди. Гуруҳ Исроил кенг қамровли келишувнинг бир қисми сифатида Миср таклифини қабул қилиши кафолатланишини истайди.

Исроил ва ҲАМАС ўртасида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришиш мақсадида Доҳада музокаралар қайта бошланди. Уларга АҚШ, Исроил ва Қатардан юқори мартабали музокарачилар жалб этилган.

Аввалроқ Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси журналистларга Миср икки кунлик сулҳ тузишни таклиф қилаётганини, унга кўра тўрт нафар исроиллик маҳбус Исроил қамоқхоналарида сақланаётган бир неча фаластинликларга алмаштирилишини айтган эди. Ас-Сисининг айтишича, бу ташаббус доимий ўт очишни тўхтатишга қаратилган дастлабки қадамдир.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Мисрнинг янги таклифига қарши чиқди, деб ёзади Jerusalim Post.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+