Эрон ҳаво ҳудуди парвозлар учун очилди
Исроил ҳужуми сабаб Эрон орқали учадиган авиакомпаниялар рейслар йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлганди.
Исроил ракета ҳужуми туфайли мамлакат ҳаво ҳудуди ёпилганидан кейин Эрон парвозларни қайта тиклади. Бу ҳақда Эрон фуқаро авиацияси ташкилоти вакили Жаъфар Язерлу маълум қилди.
Кейинги огоҳлантиришгача мамлакат бўйлаб тўхтатилган ҳаво қатнови 26 октябр эрталаб соат 9:00 да қайта тикланди, деди у.
Эслатиб ўтамиз, 1 октябр куни Эрон Исроилга ракета ҳужуми уюштирди. Бунга жавобан Тел-Авив 26 октябрга ўтар кечаси жавоб зарбасини йўллади.
Эрон матбуоти Исроилнинг Теҳроннинг ғарбий ва жануби-ғарбидаги айрим ҳарбий базаларига ҳужум қилгани ҳақида хабар берди.
Ушбу ракета ҳужуми сабаб Ўзбекистонга бўлган қатор авиарейсларда ўзгаришлар кузатилди.