Германияда тўрт кунлик иш ҳафтаси ижобий натижа кўрсатди
Қисқа иш ҳафтаси ходимларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини яхшиланганини кўрсатди. Тажрибада қатнашган корхоналарнинг катта қисми 4 кунлик иш ҳафтасида қолмоқчи.
Германияда тўрт кунлик иш ҳафтаси синовдан ўтказилди. Bloomberg агентлигига кўра, натижалар қисқа иш ҳафтаси ходимларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини яхшилашини кўрсатди.
Янги Зеландиядаги 4 Day Weak Global адвокатлик гуруҳи тадқиқотни олиб бориш учун Мюнстер университети ва Берлиндаги Интрапренор консалтинг компанияси билан ҳамкорлик қилди. Тажриба олти ой давом этди, унда 45 та компания иштирок этди, уларнинг ходимлари камроқ ишлаган, аммо тўлиқ маош олган.
Нафақат ходимлар, балки иш берувчилар ҳам самарага гувоҳ бўлишган, уларнинг 70 фоизи тўрт кунлик жадвал осонроқ бўлганини айтишди. Ўнга яқин иштирокчилар даромад ва фойданинг барқарор даражасини кўрсатиб, молия ҳақида батафсил маълумот берди.
"Энди жума куни ишлашни хоҳламайман. Мен шунчаки хоҳламайман. Жума аслида учинчи дам олиш кунига айланди. Бошқа вариант бўлмасагина ишлайсиз", деди Solidsense тадбирларини бошқариш компанияси асосчиларидан бири Сорен Фрик.
Лойиҳада немис олимлари соч намуналари ёрдамида стресс гормони кортизол даражасини ўлчашди, шунингдек, ақлли соатлар ёрдамида тўпланган маълумотларни таҳлил қилишди. Улар компания ходимлари ҳафтасига ўртача 38 дақиқа кўпроқ ухлашларини ва жисмоний фаоллигини оширишларини аниқладилар.
Иштирокчиларнинг аксарияти – 73 фоизи тажриба якунида тўрт кунлик жадвалга тўлиқ ўтишга ёки синов муддатини узайтиришга тайёр эканликларини маълум қилишди.
Бироқ, барча компаниялар тажрибадан муваффақиятли ўтмади: улардан иккитаси иқтисодий қийинчиликлар (иш вақтининг қисқариши билан боғлиқ эмас) ёки ходимларнинг кам қўллаб-қувватланишини айтиб, маълум бир нуқтада иштирок этишдан бош тортди. Қолган компанияларнинг 20 фоизи беш кунлик жадвалга қайтишга қарор қилди.
" Мен ҳали ҳам Германиядаги барча компаниялар тўрт кунлик иш ҳафтасига муҳтож деб айтишни ўринли деб ўйламайман", деди Мюнстер университетидан лойиҳа раҳбари Жулия Баcкман.
Бироқ, унинг сўзларига кўра, бу вариант потенциал ходимлар назарида ўзларининг жозибадорлигини оширишни хоҳлайдиган ташкилотлар учун мумкин.
Дераза ишлаб чиқарувчи Eurolam корхонасида, беш кунлик жадвалга қайтиш ҳақидаги хабар "ҳайратли жимлик" билан кутиб олинди, деди бошқарувчи директор Хеннинг Репер. Унинг сўзларига кўра, энг узоқ вақт ишлаган ходим тўрт кунлик иш ҳафтасини ўз фаолиятида қилган энг яхши иши деб таърифлаган.