“Кўмир таъминот” МЧЖ мудири аҳоли учун мўлжалланган кўмирни сотиб юборгани маълум бўлди
Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини иситиш учун олиб келинган баҳоси 447,2 млн сўм бўлган жами 1 470 тонна кўмир бошқаларга пуллаб юборилган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Узун тумани бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган.
Унда фуқаро Ф.М. “Эркинлик” МФЙ ҳудудидаги нотурар бинода сақлаб келган тегишли ҳужжатлари бўлмаган ҳар бир қопи 20 кг. бўлган жами 5 000 қоп кўмирни фуқаро А.А.га 100 млн сўмга сотишга келишиб, ушбу пуллар ҳисобидан 5 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ўтказилган терговга қадар текширувда, “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Узун тумани омбори мудири Э.Р. куз-қиш мавсумида туман аҳолиси ва тумандаги ижтимоий соҳа объектларини иситиш учун олиб келинган умумий баҳоси 447,2 млн сўм бўлган жами 1 470 тонна кўмирни қиммат нархларда бошқа шахсларга сотиб юбориб давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказганлиги, хусусан 2023 йилнинг сентябрь ойида тадбир давомида ушланган Ф.М.га 180 тонна кўмирни 120 млн сўмга сотганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.