Никарагуа Ўзбекистонга биринчи элчисини тайинлади
Татяна Даниела Гарсия Силва Никарагуанинг Ўзбекистондаги дипломатик миссиясига раҳбарлик қилади. Икки давлат ўртасида 2007 йилда алоқалар ўрнатилганди.
Никарагуа давлати Ўзбекистонга биринчи элчисини тайинлади. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов маълум қилди.
"Никарагуанинг Ўзбекистондаги янги тайинланган ва биринчи Элчиси Татяна Даниела Гарсия Силва хоним билан учрашдик. Икки томонлама муносабатларимизда фойдаланилмаётган улкан имкониятларни ўрганиш механизмларини муҳокама қилдик. Ташқи ишлар вазирликлари алоқаларимизда, айниқса, иқтисодий жиҳатдан аниқ натижаларга эришишда локомотив вазифасини бажаришлари лозим", дея ёзган Ўзбекистон ТИВ раҳбари.
Бахтиёр Саидов сентябр ойида АҚШда Никарагуа ташқи ишлар вазири билан учрашиб, ўзаро алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Никарагуа ўртасида 2007 йилда дипломатик алоқалар ўрнатилган.