platina.uz

Тошкентда тадбиркор "Миллийбанк"дан олинган 2,1 млрд сўм кредитни талон-торож қилгани аниқланди

У темир маҳсулотларини сотиб олиш учун кредит ажратилишига эришиб, улардан фойдаланмасдан нақд пулга сотиб юборган. 

Жамият
14 октябрь, 16:20
Тошкентда тадбиркор "Миллийбанк"дан олинган 2,1 млрд сўм кредитни талон-торож қилгани аниқланди

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида банкдан олинган катта миқдордаги кредит маблағларини талон-торож қилган тадбиркор иши кўриб чиқилди. Суд иши ҳужжати Platina.uz ихтиёрида мавжуд.

Айбланувчи Ё.Т “Armada Servis” МЧЖда 11.02.2022 йилдан директор лавозимида ишлаб келган. У жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 30.05.2023 йилдаги ҳукми билан судланган А.И. билан олдиндан ўзаро тил бириктириб, “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ “Саёҳат” филиалидан 2022 йилда темир маҳсулотлари сотиб олиш учун 2.100.000.000 сўм миқдоридаги мақсадли кредит маблағларини ажратилишига эришган. Лекин у кредит маблағларидан 28.03.2022 йилдаги тўлов топшириқномаси билан 350.000.000 сўмини “Sapsan-M” МЧЖ ҳисоб рақамига ва 30.03.2022 йилдаги тўлов топшириқномаси билан 1.750.000.000 сўмини “Javxar Jas” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб, олинган темир маҳсулотларини нақд пулга сотиб, мақсадли фаолият билан шуғулланмасдан, маҳсулотлар сотувидан тушган пул маблағларини кредитни қоплашга қаратмасдан, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Бундан ташқари, Ё.Т. жиноий ҳаракатларини давом эттириб, бошқа шахслар билан олдиндан тил бириктирган ҳолда, олинган банк кредити маблағининг таъминоти сифатида гаровга қўйилган “Jixoz Shams” МЧЖга тегишли Олмазор тумани, Иброхим ота кўчаси, 9-уй манзилида 898 м2 ер майдонида жойлашган омборхонани гаровдан чиқаришни мақсад қилган. У гўёки “Armada Servis” МЧЖ ва ТИФ” Миллий банки” АЖ “Саёҳат” филиали ўртасида тузилган кредит шартномаси бўйича кредит маблағлари ажратилмаганлиги ва кредит шартномаси бекор қилинганлиги ҳақида сохта маълумотлар киритилган муайян ҳуқуқ берадиган банк хатини қалбакилаштириб, уни Миробод тумани хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусга банд солинган омборхонани таъқиқдан чиқариш учун тақдим этган.

Суд мажлисида судланувчи Ё.Т. айбига тўлиқ иқрорлигини билдирган.

Якуний суд ҳукмига кўра, Ё.Т.га ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 8 (саккиз) йил 1 (бир) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳукм қонуний кучга киргач, Ё.Т. ва А.И. дан солидар тартибда фуқаровий даъвогар ТИФ “Миллий банк” АЖ Саёҳат банк хизматлари маркази фойдасига 2.098.341.040 (икки миллиард тўқсон саккиз миллион уч юз қирқ бир минг қирқ) сўм 10 (ўн) тийин миқдорида моддий зарар ундирилиши белгиланди.

Суд иши Олий суд очиқ порталидан олинди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+