Боғча директорига ўринбосар лавозими жорий этиляпти
Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси ҳисобидан мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар ва педагог кадрларини ҳам рағбатлантиришга рухсат этилади.
Энди боғчаларда директор ўринбосари лавозими жорий этилади.
“Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-152-сон, 30.09.2024 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, мактабгача таълимнинг давлат таълим дастури доирасида қуйидагилар амалга оширилади:
-кичик ва ўрта гуруҳлардаги болаларда когнитив, психомотор ва ижтимоий кўникмаларни ривожлантириш;
-катта ва мактабга тайёрлов гуруҳларидаги болаларда билим олиш, коммуникатив ва ижодий компетенцияларни шакллантиришга қаратилган ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш.
2026/2027 ўқув йилидан:
-боғчалар томонидан Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида боланинг ривожланиш харитасини юритиш амалиёти жорий қилинади;
-мактабга тайёрлов гуруҳларини тамомлаган болаларга уларнинг ривожланиш харитаси асосида бир йиллик мактабга тайёрловдан ўтганлик ҳақида электрон сертификат бериш йўлга қўйилади.
2025 йил 1 августгача:
-мактабгача таълимнинг давлат таълим дастури доирасида ишлаб чиқилган электрон ресурслар, аудиовизуал маҳсулотлар ва ўқув-методик материаллар Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида жойлаштирилади ҳамда улардан эркин ва бепул фойдаланиш имконияти яратилади;
-Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида ота-оналар учун шахсий кабинет яратилади ва унда боланинг ривожланиш харитаси маълумотларининг жойлаштирилиши таъминланади., 2025 йил 1 январдан:
-мактабгача таълим ташкилотининг директори ўринбосари лавозими жорий этилади;
-республиканинг барча туман (шаҳар)ларида камида биттадан таянч мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилади;
-барча мактабгача таълим ташкилотларида малака оширишнинг “Методик маҳорат соати”, таянч мактабгача таълим ташкилотларида эса “Методик маҳорат куни” каби шакллари босқичма-босқич жорий этилади;
-тренер сифатида фаолият юритаётган директор ўринбосарларига лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида қўшимча ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.
2025 йил 1 мартдан тажриба-синов тариқасида республиканинг узоқ ва чекка ҳудудларида жойлашган мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун мобиль малака ошириш хизматлари жорий этилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси ҳисобидан мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар ва педагог кадрларини ҳам рағбатлантиришга рухсат этилади.
2025 йил 1 январдан тажриба-синов тариқасида ҳар бир туман (шаҳар)даги биттадан умумий турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида инклюзив таълим гуруҳлари очилади.