Эрон Исроилга қарата юзлаб ракеталар учирди
Исроил бош вазири Нетаняҳу ракеталар ҳужумини "муваффақиятсиз" дея атади. Ўзбекистон элчихонаси эса фуқароларни огоҳлантирди.
1 октябр куни Эрон Исроилга юзлаб ракеталарни учирди.
Исроил матбуотига кўра, мамлакат бўйлаб 500 га яқин ракета учирилган. Уларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан ўққа тутилган, бироқ баъзилари "Темир гумбаз"ни ёриб ўтиб, бир қанча биноларга зарар етказган.
Жабрланганлар ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилмоқда. Бир киши ўлган ва бир неча киши жароҳатланган.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси зарбани "Ҳизбуллоҳ" етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг ўлимига жавобан амалга оширганини айтди.
Шунингдек, агар Исроил Эроннинг ҳаракатларига жавоб қайтарса, "бундан ҳам даҳшатли ҳужумларга дуч келиши" ҳақида огоҳлантирилган.
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху Эроннинг зарбаси Исроил ҳаво мудофааси ва АҚШ ёрдами туфайли муваффақиятсизликка учраганини айтди.
Нетаняху, шунингдек, Исроил ҳужумларида ҳалок бўлган Фаластиннинг ХАМАС етакчилари Исмоил Хания ва Муҳаммад Деиф ҳамда Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" етакчилари Ҳасан Насруллоҳ ва Фуад Шукрни эслади.
"Улар буни тушунмади ва Теҳронда буни тушунмайдиганлар ҳам бордир", деб қўшимча қилди Исроил бош вазири.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси огоҳлантириш билан чиқди.
Интенсив ракета отишмалари муносабати билан Ўзбекистон элчихонаси тезкор эҳтиёт чораларини кўришни қатъий тавсия қилди:
1. Ракета ҳужумлари пайтида тезлик билан бомба бошпаналарига киринг.
2. Исроил ҳукумати ва Ўзбекистон элчихонаси расмий хабарларини кузатиб боринг. Исроил фронт орти қўмондонлиги билдиришномалари ва огоҳлантиришларига амал қилинг.
3. Шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатлар ва Ўзбекистон элчихонасининг алоқа маълумотларини доимо ўзингиз билан олиб юринг.