Исроил "Ҳизбуллоҳ" етакчилари ўлдирилганини эълон қилди

Гуруҳнинг ракета бўлинмаси қўмондони Муҳаммад Али Исмоил ҳалок бўлган. "Ҳизбуллоҳ" раҳбари Ҳасан Насруллоҳнинг эса тақдири номаълум. 

Жаҳон
28 сентябрь, 11:27
Исроил "Ҳизбуллоҳ" етакчилари ўлдирилганини эълон қилди

Исроил қуролли кучлари Ливанда "Ҳизбуллоҳ" ракета бўлинмаси қўмондони Муҳаммад Али Исмоил ва гуруҳнинг яна бир қанча етакчилари йўқ қилинганини эълон қилди. Айрим хабарларга кўра, "Ҳизбуллоҳ" етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилган бўлиши мумкин.

28 сентябр кечаси Исроил мудофаа кучлари Ливан жанубида "Ҳизбуллоҳ" ракета бўлинмаси қўмондони Муҳаммад Али Исмоил ва унинг ўринбосари Ҳусайн Аҳмад Исмоил йўқ қилинганини маълум қилди. Айтилишича, улар билан бирга гуруҳнинг яна бир қанча командирлари йўқ қилинган.

“Муҳаммад Али Исмоил Исроил давлатига қарши кўплаб ҳужумлар учун жавобгардир”, — дейилади армия Телеграм-каналида.

Аввалроқ Исроил ҳарбийлари Ливан пойтахти Байрут чеккасида жойлашган Ҳизбуллоҳнинг марказий қароргоҳига зарба берилгани ҳақида хабар берган эди. Яҳудий армияси матбуот котиби Даниел Ҳагарийнинг айтишича, Ҳизбуллоҳнинг қароргоҳи Даҳия ҳудудидаги "уй-жойлар остида атайлаб қурилган".

Бир қатор Исроил ОАВлари ҳаво ҳужуми натижасида" Ҳизбуллоҳ" етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг ўлдирилгани эҳтимоли юқори эканлигини хабар қилмоқда. Хусусан, The Times of Israel газетаси исроиллик амалдорнинг сўзларини келтиради: "У бундай зарбадан омон қолишини тасаввур қилиш жуда қийин".

Бироқ Reuters ва AFP ахборот агентликлари гуруҳдаги манбаларга таяниб, Насруллоҳнинг тириклиги ҳақида хабар бермоқда. 

Эроннинг Тасним ахборот агентлиги ҳам гуруҳ раҳбари хавфсиз жойда эканини даъво қилмоқда.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дастлабки маълумотларига кўра, Исроилнинг 27 сентябрь куни уюштирган ҳужуми натижасида икки киши ҳалок бўлган, яна 76 киши жароҳатланган. Аввалроқ Исроил агрессияси оқибатида 558 киши ўлганди.  

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+