platina.uz

Бир ойда сайёр қабулларда аҳолидан 28 мингга яқин мурожаат келиб тушди

Мурожаатларнинг асосий қисми газ, электр, сув, иссиқлик таъминоти (3,7 минг), моддий ёрдам ва болалар нафақаси (1,7 минг), соғлиқни  сақлаш соҳаси (1,8 минг), тадбиркорлик ва кредит ажратиш (1,03 минг)га оиддир. 

Жамият
26 сентябрь, 14:48
Бир ойда сайёр қабулларда аҳолидан 28 мингга яқин мурожаат келиб тушди

Давлат раҳбари топшириғига асоан жойларда аҳоли кайфиятига таъсир қилувчи муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш юзасидан тезкор чоралар кўриш мақсадида Президент Халқ қабулхонаси бошчилигида барча ҳудудлар кесимида сектор раҳбарлари, ташкилот ва идора масъуллари иштирокида сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Қабулларга ҳокимлар, аҳолидан энг кўп эътирозлар келиб тушаётган масалалар бўйича мутасадди ташкилот ва идоралар, секторлар раҳбарлари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда маҳалла раислари жалб этилди.

Сайёр қабулларни ўтказишда асосан олис ва чекка маҳаллалар ҳамда ижтимоий-иқтисодий, маиший муаммолар кўп бўлган “қизил” тоифадаги ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилди.

Сентябрь ойида ўтказилган сайёр қабуллар давомида жами 28 мингга яқин фуқаролардан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, 15 мингдан зиёдининг ечими жойида топилди. Қўшимча ўрганишлар талаб этиладиган 11,6 минг ариза-шикоятлар бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

Хусусан, тезкорлик билан ҳал этилган мурожаатларнинг асосий қисми газ, электр, сув, иссиқлик таъминоти (3,7 минг), моддий ёрдам ва болалар нафақаси (1,7 минг), соғлиқни сақлаш соҳаси (1,8 минг), тадбиркорлик ва кредит ажратиш (1,03 минг), бандликни таъминлаш (1,1 минг), ички йўллар ҳолати (588), ички ишлар идоралари фаолияти (227) ҳамда мактаб ва мактабгача таълим (206) каби қатор соҳалар билан боғлиқ муаммолар бўлди.

Ўтказилган тадбирлар доирасида алоҳида ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларининг ҳам қабуллари ташкил этилди. Фуқаролар бузилган ҳуқуқларини тиклаш, ишга жойлашиш, уй-жойга эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш, оила ва никоҳ, солиқ ва банк кредитлари масалалари юзасидан тегишли органлар масъулларига мурожаат қилиб, муаммоларига ечим топдилар.

Жумладан, Олий суд раиси ўринбосарлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро ва Навоий вилоятларида суд соҳаси билан боғлиқ масалалар бўйича 404 нафар фуқаролар қабул қилинди.

Сайёр қабулларда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони ўтаётган маҳкумларнинг жазони енгиллаштиришни сўраб қилган мурожаатлари жойларнинг ўзида жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларининг очиқ суд мажлисларида кўриб чиқилиб, мурожаатларига ечим топилди.

Сайёр қабуллар барча ҳудудларда давом этмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+