Автомобиллар сифати ва носозлиги бўйича 900 га яқин шикоят ҳал этилди
Навоийда сотилган автомашина рулида иситиш мосламаси бўлмаган, Хоразмда эса кечиккан улов учун компенсация тўланмаган.
Рақобат қўмитаси йил бошидан буён автомобилларга оид 900 га яқин шикоят ҳал этилганини билдирди.
Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари жорий йилнинг январ-сентябр ойларида фуқаролардан автомобиллар, уларни сифати, етказиб бериш муддатларининг кечикиши, эҳтиёт қисмларидаги носозликлар ва уларни кафолат муддатида таъмирлашда муаммолар юзага келгани бўйича 900 га яқин мурожаат ҳал этган.
Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро А.О. етказилган автомашинанинг эҳтиёт қисмида мосламанинг мавжуд эмаслиги бўйича шикоят қилган.
Ўрганишлар жараёнида фуқаро 2024 йил август ойида 230 млн сўмга “BILLUR AVTO SAVDO NAVOIY” МЧЖдан “TRACKER-2” автомашинаси харид қилиш бўйича шартнома тузгани, аммо автомашинанинг бошқарув рулининг иситиш мосламаси йўқлиги маълум бўлди.
Амалга оширилган ишлар натижасида, фуқарога автосалон томонидан 535,4 минг сўм ортиқча олинган маблағ қайтариб берилиши таъминланди.
Янгиариқ туманида яшовчи С.М.нинг ўз турмуш ўртоғи номига “AVTO-LAYNER XORAZM” МЧЖ билан шартнома бўйича “GENTRA” русумли автомобиль учун 146 млн сўм тўловни амалга оширганлиги, автомашина эса кечиктириб етказиб берилгани, аммо унга жамият томонидан бир йилдан буён компенсaция пуллари тўлаб берилмаётганлиги бўйича мурожаат қилган.
Бухоролик фуқаро Х.Ҳ.дан тушган мурожаат ўрганиб чиқилганида “BUXOROAVTOTEXXIZMAT” MЧЖдан “TRAСKER-2” русумли автомашинаси сотиб олингани, аммо автомашина ҳужжатларини расмийлаштирилганда хатоликка йўл қўйилгани, фуқаронинг корхонага қилган мурожаатлари ҳал этилмагани маълум бўлди.
Ўрганишлар натижасида ҳудудий бошқарма саъй-ҳаракати билан хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан “TRAСKER-2” русумли автомашинасига берилган ҳисоб-маълумотномасидаги вин рақами тузатиб берилиб, истеъмолчининг мурожаати ижобий ҳал этилди.
Тошкент вилояти бошқармасига "DRIVERS VILLAGE BEKOBOD” МЧЖ дилерлик корхонаси хизматидан фуқаронинг эътирозли мурожаати келиб тушган. Ушбу мурожаатда, мазкур жамиятдан харид қилинган “DAMAS” русумли автомашинаси нуқсонли бўлгани ва уни сифатлисига алмаштиришда муаммога учраётгани баён қилинган.
Ўрганишлар натижасида, “UZAUTO MOTORS” АЖ компаниясининг “DRIVERS VILLAGE BEKOBOD” МЧЖ дилерлик корхонаси “DAMAS” автомашинасини қайта кўрикдан ўтказиб, нуқсонини аниқлаган ва қонунчиликда ўрнатилган тартиб асосида янги автомашинага алмаштирилиб берилиши таъминланди.
Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Ю. автосалондан ONIX LT автомашинаси сотиб олганлиги, лекин ушбу автомашина носоз бўлиб чиққанлиги, таъмирлаб бериши сўралганида аризаси қаноатлантирилмаганлиги ва ҳеч қандай натижа бўлмаганлигидан норози бўлиб йўллаган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Бошқарма ходимлари томонидан амалга оширган ишлар натижасида автосервис ходимлари томонидан автомашинадаги носозлик бепул таъмирлаб берилиб, истеъмолчи ҳуқуқи тикланишига эришилди.
Яна бир ҳолатда фуқаро Ш.Ю. томонидан сотиб олинган янги “TRACKER-2 LTZ” русумли автомашинаси техник жиҳатдан (двигатель қисми) носозлиги сабабли худди шу русумдаги автомашинага алмаштириб берилмаётгани юзасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Фуқаро мурожаатини тўлиқ ўрганиш мақсадида, “AVTO BINOKOR SERVIS” МЧЖга қарашли автосалон томонидан мазкур автомашина техник кўрикдан ўтказилди ва унинг двигателида нуқсони борлиги аниқланди.
Натижада “AVTO BINOKOR SERVIS” МЧЖга қарашли автосалон томонидан автомобилга янги двигатель ўрнатилиб, автомобилнинг созлиги таъминланди.