Икки ойда сайёр қабулларда 34 мингдан ошиқ мурожаат тезкор ҳал этилди
Мурожаатларнинг асосий қисми суд-ҳуқуқ, ички ишлар идоралари фаолияти, тадбиркорлик ва кредит ажратиш, газ, электр, сув, иссиқлик таъминоти, нафақа ва таълим билан боғлиқ.
Президент топшириғига асосан Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигида чекка ҳудудларда Олий суд, ҳуқуқ-тартибот органлари, сетор раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” ҳамда тегишли ташкилот масъуллари иштирокида сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг сентябрь - октябрь ойларида ташкил этилган очиқ мулоқотлар давомида жами 64 мингга яқин аҳоли қабул қилиниб, 34 мингдан зиёдининг муаммоларига тезкорлик билан ечим топилди, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 29 мингта ариза-шикоятлар бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
Қабуллар давомида келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми суд-ҳуқуқ, ички ишлар идоралари фаолияти, тадбиркорлик ва кредит ажратиш, газ, электр, сув, иссиқлик таъминоти, моддий ёрдам ва болалар нафақаси, соғлиқни сақлаш соҳаси, мактаб ва мактабгача таълим масалалари, бандликни таъминлаш каби қатор йўналишлар билан боғлиқ бўлди.
Олий суд раиси ўринбосарлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент, Наманган, Андижон, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида суд соҳаси билан боғлиқ масалалар бўйича 1 мингдан зиёд фуқаролар қабул қилинди.
Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида бўлиб ўтган очиқ мулоқотларда тақдимнома ва илтимосномалар асосида жазо ўтаётган 61 нафар шахс жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан алимент ундириш юзасидан 14 та суд буйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилди. Шунингдек, юридик фактни тасдиқлаш ҳақидаги 2 та фуқаролик иши кўриб чиқилиб, ижобий ҳал қилинди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган бир нафар вояга етмаган фарзанди бўлган оилалар яраштирилди.
Бош прокурор ўринбосарлари томонидан биргина Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ўтказилган сайёр қабулларда 200 га яқин фуқаронинг мурожаати тингланди. Ўтган давр мобайнида келиб тушган аризалар асосида Мажбурий ижро бюроси фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланиши мақсадида ундирувчиларга 5 миллиард 190 миллион сўм, фуқароларга қарз ва зарар ундириш юзасидан эса 6 миллиард 264 миллион сўм пул маблағлари ундириб берилган. Бундан ташқари, компенсация ундириш билан боғлиқ мурожаатлар бўйича 4,2 миллиард сўм пул маблағлари қопланган.
Ички ишлар ўринбосарлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган сайёр қабулларда 72 нафар фуқароларнинг шикоят ва аризалари кўриб чиқилди. Мисол учун, 1998 йил Туркманистонда туғилган Асилбек Бозоров аввалги сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш масаласида мурожаат қилган эди. Бу сафар унинг масаласи қаноатлантирилди.
Адлия вазири ўринбосарлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида сайёр қабуллар ўтказилиб, 278 нафар фуқаро қабул қилинди. Қабулларда, хусусан, ер-жойни ижарага олиш, солиқ маъмурчилиги, кадастр ҳужжатларидаги хатоликлар, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ички бозорга таклиф қилинаётган маҳсулотларга қўшимча қиймат солиғини қайта кўриб чиқиш сингари муаммолар эътибор марказида бўлди.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ раҳбарияти иштирокидаги сайёр қабулларда эса 100 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Очиқ мулоқотлар давомида ер ости газ қувурларига эътибор бериш, янги хонадонларга замонавий ҳисоблагич ўрнатиш тартиби, қарздорлик масаласи, табиий газ босимини янада яхшилаш борасидаги кўплаб шикоятлар ўрганилди. Ҳар бир ўрганилган мурожаат юзасидан уларнинг амалий ечимларига эътибор қаратилди. Ижобий жиҳатдан ҳал этилишига эришилган бўлса, баъзилари юзасидан эса белгиланган тартиб асосида тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, Президент Халқ қабулхоналари Маҳаллалар уюшмаси, “Нуроний” жамғармаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорлигида аҳоли билан хонадонбай асосида мулоқот қилиш, “маҳалла еттилиги” ва жамоатчилик вакилларини бириктирган ҳолда уларнинг муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш, ёрдамга муҳтож оилаларнинг иқтисодий ҳолатини яхшилаш бўйича манзилли ишлар олиб борилди.
Жумладан, биргина Бухоро вилоятида ўрганишлар давомида 191 нафар фуқарога ижтимоий аҳволини яхшилаш учун 53 миллион сўм моддий ёрдам, 87 нафар фуқарога 1,4 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди. 38 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди ҳамда 29 нафар ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида ер майдонлари ажратилган бўлса, 24 нафар фуқарога даволаниши учун йўлланма берилди. 19 нафар фуқарога тикув машиналари берилди ва 3 нафар фуқарога даволаниши учун 15,2 миллион сўмлик моддий ёрдам ажратилди.
Сайёр қабуллар жойларда давом этмоқда.