Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси. Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 3-ўринни эгаллади
Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси якунига етди. Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 3-ўринни эгаллаб, бронза медалини қўлга киритди.
10-22 сентябрь кунлари Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бўлиб ўтди. Қуйида олимпиадада иштирок этган Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоалари таркиби келтирилмоқда.
Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси:
⁃ Нодирбек Абдусатторов
⁃ Жавоҳир Синдаров
⁃ Нодирбек Якуббоев
⁃ Шамсиддин Воҳидов
⁃ Жаҳонгир Ваҳидов
Ўзбекистон қизлар терма жамоаси:
⁃ Афруза Ҳамдамова
⁃ Нилуфар Якуббаева
⁃ Умида Омонова
⁃ Маржона Маликова
⁃ Нодира Нодиржонова
11-турда йигитлар Францияга қарши дона сурди. Бунда Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Ёқуббоев ўз баҳсларида дурангга имзо чекишди, Шамсиддин Воҳидов эса ўз рақибидан устун келиб, жамоа ғалабасини таъминлади. Ҳисоб – 2,5:1,5.
Натижада Ўзбекистон ҳисобидаги очколар сони 17 тага етди. Параллел баҳсда АҚШ Хитойни мағлуб этди ва мазкур уч жамоада бир хил - 17 тадан очко жамғарилди. Шундан кейин қўшимча кўрсаткичларга қаралди, турнир давомидаги рақиблари умумий рейтингда нисбатан юқорироқда жойлашгани туфайли АҚШ иккинчи ўринга жойлашди ва кумуш медалини қўлга киритди, Ўзбекистон эса бу борада Хитойни ортда қолдириб, бронза медалларга эга чиқди.