МЖТКга қурилишдаги чанг-тўзонга қарши модда киритилади
Янги қуриладиган, баландлиги 12 метрдан ёки умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ биноларни лойиҳалаштиришда унга туташ ҳудудларнинг камида 25 фоизини кўкаламзорлаштириш талаби қўйилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик бўйича модда киритилади.
Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 19 сентябр куни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича таклифлар тақдимотида айтган.
Шунингдек, дарахтларни кесиш ва қасддан қуритиш, дарё ўзанларидан ноқонуний қум-шағал қазиб олиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш кабилар учун жарималарни ошириш ва қатъийлаштириш чоралари кўрилади.
Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури бўлиб, унга кўра, келгуси 5 йилда пойтахт ва унга туташ Тошкент вилояти туманларида 441 гектар “яшил белбоғ” ва боғлар ташкил қилинади.
Санитар тозалаш ишларини тартибга солиш мақсадида мавжуд марказ негизида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигини тузиш таклиф этилмоқда. Санитар тозалаш корхоналарининг самарадорлик кўрсаткичларига қараб, учта тоифага ажратган ҳолда рейтинг тизими жорий қилинади.
Янги қуриладиган, баландлиги 12 метрдан ёки умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган биноларни лойиҳалаштиришда унга туташ ҳудудларнинг камида 25 фоизини кўкаламзорлаштириш талаби қўйилади. Шунингдек, атроф-муҳитга зарари кўп саноат корхоналари ҳам “яшил белбоғ”лар барпо этиш мажбуриятини олади.
Экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш, фаол ва жонкуяр инсонларни рағбатлантириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвони таъсис этилади.
Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги Орхус конвенциясига қўшилиш масаласи кўриб чиқилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги қарори билан республикада экологик маркировкалаш тизими жорий этилган. Энди ISO 14024 халқаро стандартига мувофиқ, “Yashil belgi” номи остида маҳсулот ва хизматларни ихтиёрий экологик маркировкалаш йўлга қўйилади. 2 минг 336 та хўжалик юритувчи субъектларда автоматик мониторинг станциялари, чанг-газ тозалаш ускуналари ва сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш бўйича тармоқ жадваллари тасдиқланади.
Экология вазирлиги ҳузурида жамоатчилик назорати остида бошқариладиган ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган “Яшил хайрия жамғармаси” ташкил этилади. Электрон харид иловаларида “Яшил тўлов” ихтиёрий устама тури очилади.