Янгийўлда йўл таъмири учун ажратилган пулни "еб кетган" бошқарма бошлиғига жазо тайинланди
У тадбиркор шериги билан сохта маълумотлар орқали бошқарманинг ҳисоб рақамидан деярли 240 млн сўмни талон-торож қилган.
Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судида йўл таъмири учун ажратилган 239,8 млн сўм маблағни талон-торож қилган бошқарма бошлиғи ва унинг тадбиркор шеригига ҳукм ўқилди. Суд ҳукми нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, А.А “Ттт ффф ттт” МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаб келиб, Янгийўл туманидаги бошқармалардан бирида Инфратузилма объектларидан фойдаланиш бўлими бошлиғи лавозимида ишловчи ХХ билан олдиндан тил бириктирган. Улар 592 метр йўл асфальтланган бўлсада, амалга оширилган ишлар фойдаланишга қабул қилинганлиги ҳақида такроран сохта маълумотларни киритиб, бошқарманинг ҳисоб рақамидан 239.852.830 сўм пул маблағлари МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилиш натижасида жуда кўп миқдордаги бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган.
Судда ҳар иккала судланувчи ўз айбларида қисман иқрорликларини билдирди.
Якуний суд ҳукмига кўра, А.Ага ойлик иш ҳақини 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 (бир) йил 11 (ўн бир) ой 27 (йигирма етти) кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилди. Бундан унинг 2024 йил май ойидан августигача қамоқда сақлангани ҳам инобатга олинган.
Х.Х эса 1 (бир) йил 6 (олти) ой муддатга давлат органлари ва давлат иштирокидаги ташкилотлардан раҳбарлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромадига ундириб қолган ҳолда 2 (икки) йил 3 (уч) ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Етказилган 239,8 млн сўм зарар эса тўлиқ қопланган.
Суд ҳужжати Олиб суд очиқ порталидан олинди.