Янгийўлда мудҳиш жиноят содир этган эркак умрбод қамалди
У аёли ва қизини ўлдириб, қизига нисбатан зўрлик ишлатган ва жасадини ҳожатхонага ташлаб юборган. Эркак айбловларни инкор қилса-да, иш материаллари, гувоҳлар кўрсатмалари ва далиллар жиноятда унинг қўли борлигини кўрсатди.

Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида даҳшатли жиноятга қўл урган эркак жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда Zamon дастурида лавҳасида хабар берилди.
Судланувчи Ҳ.Қ. 2026 йил 7 июн куни тонгда маст ҳолатда турмуш ўртоғи яшаб келган хонадонга борган. Уй эшигини ўзида бўлган калит билан очиб, ичкарига кирган.
Эркак 24 ёшли турмуш ўртоғини рашк туфайли ўлдиришни мақсад қилган. Сўнгра турмуш ўртоғининг бошига уриб, бўғиб, қасддан ўлдирган.
Жанжал овозидан уйғонган, 2023 йилда туғилган қизалоқ ҳам отасининг зўравонлигига дуч келган. Ҳ.Қ. қизини кўриб, уни хонадон ётоқхонасига олиб кирган. Сўнгра қизалоққа зўрлик ишлатган ҳолда ўз жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондирган.
Шундан кейин Ҳ.Қ. жиноятни яшириш мақсадида қизалоқнинг мурдасини қора рангли спорт сумкасига жойлаб, отаси яшаб келган уйга олиб борган ҳамда ҳожатхонага ташлаб юборган.
28 ёшли судланувчи айбига иқрор бўлмаган. Эркак айбловларни инкор қилса-да, иш материаллари, гувоҳлар кўрсатмалари ва ашёвий далиллар жиноятда унинг қўли борлигини кўрсатган.
ЖИБ Янгийўл шаҳар суди Ҳ.Қ.ни турмуш ўртоғи ва қизининг ўлимида айбли деб топган. Суд ҳукми билан унга узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланган.





