Солиқ инспекцияси ҳисобчиси катта маблағни талон-торож қилгани маълум бўлди
Бош ҳисобчи ўзи ва бошқаларга таътил, рағбатлантириш ва маошлар ёзиш орқали бюджетга қарийб 1 млрд сўмлик зарар етказган.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси бухгалтерия шўъбаси бошлиғи бош ҳисобчи лавозимида ишлаган С.Н.га нисбатан суд иши кўриб чиқилди. Суд ҳужжати Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, судланувчи 2020 йил 16 ноябрдан 2024 йил 13 мартга қадар Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси бухгалтерия шўъбаси бошлиғи – бош ҳисобчи лавозимида ишлаган. У ваколатидан фойдаланиб, ўзига 239.661.684 сўм рағбатлантириш, шунингдек ўзига асоссиз тарзда 4.400.920 сўм моддий ёрдам ҳисоблаб, жами ишониб топширилган 269.510.014 сўм бюджет маблағларини ўзлаштирган.
С.Н. бундан ташқари 2023 йил 30 мартдан 27 декабргача 28 та ҳолатда гўёки хизмат сафари ҳаражатлари учун ўзига 412.230.000 сўм ҳисоблаб, инспекция раҳбарига “UzAsbo” дастурий мажмуасига кириш учун берилган электрон калит ва пароллардан фойдаланган ҳолда дастурга киришга эришиб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Судланувчи яна бир ҳолатда қўл остидаги ходим инспекция бухгалтерия шўъбаси давлат солиқ бош инспектори Г.А. билан олдиндан тил бириктириб,унга хизмат сафари ва рағбатлантириш ёзиш эвазига 60.158.969 сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишган.
Шунингдек С.Н 2021-2023 йилларда инспекция ходимлари ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган бошқа тўловларни 182.688.404 сўм ортиқча ҳисоблаб,жами 188.629.899 сўм бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Якуний суд ҳукмига кўра, Н.С.га узил-кесил 1 йил муддатга давлат идораларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш муайян ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 (бир) йил 6 (олти) ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Жиноят оқибатида етказилган моддий зарар, жами 930.528.882 сўм миқдоридаги пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ягона ғазна ҳисобига орқали давлат фойдасига ўтказилган.
Суд ҳужжати Олий суд очиқ порталидан олинди.