"Ўзбекнефтгаз"га қарши иш қўзғатилди
Ташкилот томонидан ўтказилган 4.8 млрд сўмлик савдоларда қонун бузилиши аниқланган.
Рақобат қўмитаси "Ўзбекнефтгаз"га қарши иш қўзғатди.
Қўмитанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан, Тошкент шаҳрида ўтказилаётган давлат харидлари бўйича доимий мониторинг ўтказилмоқда.
Ўрганишлар натижасига кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан махсус ахборот портали орқали ўтказилган 2 та жами 4.8 млрд сўмга яқин энг яхши таклифларни танлаш савдоларида “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилганлик аломатлари аниқланди.
Юқоридагиларга кўра, “Рақобат тўғрисида”ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан “Ўзбекнефтгаз” АЖга нисбатан иш қўзғатилди.
Қўзғатилган иш ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиб, қарор қабул қилингандан сўнг қўшимча ахборот берилиши маълум қилинди.