Қишки мавсумга бензин захираси қандай? “Ўзбекнефтгаз” маълумот берди
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва тизимдаги нефт базалар омборларида 102 минг тонна бензин захираси шакллантирилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ қиш мавсумида ички бозорни барқарор таъминлаш учун Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва тизимдаги нефт базалар омборларида 102 минг тонна бензин захирасини шакллантирганини маълум қилди. Бу ўтган йилнинг мос давридаги захирадан 25 минг тоннага кўп.
Жамият ҳисоб-китобига кўра, мавжуд захира икки ойлик истеъмол ҳажмини қоплаш имконини беради. Заводда эса ҳозир суткасига ўртача 3200–3400 тонна бензин ишлаб чиқарилмоқда.
Маълумки, қишда ҳаво совиши билан метан гази қуйиш шохобчалари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилади. Бундай ҳолатда эса, табиийки, аҳоли кўпроқ бензиндан фойдаланади. "Ўзбекнефтгаз" аввалги йиллардаги тўпланган тажриба ва аҳолини сифатли бензин билан таъминлаш дастурига мувофиқ талаб ошган тақдирда биржа савдоларига чиқариладиган бензин миқдорини кунига 8 минг, эҳтиёж яна кўпайганда 10 минг тоннагача етказиш имкониятини ҳам ҳисобга олган.
Шу ўринда яна бир муҳим жиҳат. Аҳолини бензин билан таъминлаш фақатгина "Ўзбекнефтгаз" АЖ зиммасидаги масала эмас. Бозорда хориждан маҳсулот келтирувчи хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳам катта фоизни эгаллайди. Улар томонидан олиб келинаётган бензин импорти ҳажми жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб кескин камайганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Хусусан, октябрь ойида импорт ҳисобига ички бозорга жами 5,5 минг тонна бензин етказиб берилган. Бироқ шунга қарамай "Ўзбекнефтгаз" томонидан бугунги кунда биржа савдоларига кунлик жами 4,6 минг тонна бензин (2025 йилда ўртача 2,2 минг тонна), шу жумладан, 4,3 минг тонна АИ-92 русумли бензин мунтазам равишда жойлаштириб борилмоқда. Шу билан бирга, мавсумда ички бозордаги талабни қондириш ҳамда эҳтимолий тақчилликнинг олдини олиш мақсадида тизим корхонаси томонидан тайёр бензин импортини амалга ошириш чоралари ҳам кўрилмоқда.





