platina.uz
Иқтисод

92 бензин арзонлагани йўқ

Касалини яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деганларидек, биржадаги олди-сотдилар бензин нархи ошганини кўрсатмоқда.

92 бензин арзонлагани йўқ

Биржадаги охирги савдоларда 92 бензин нархи тоннасига 278,5 минг сўмга қимматлаб, 13,3 млн сўмдан ошган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг айтишича, бу мутлақо янги рекорд (аввалги рекорд 2 кун олдин ўрнатилган эди).

"92 шиптир август ойи бошидан буён 4,7%га қимматлаган. 92 бензин нархи очиқ эълон қилина бошлаган 2024 йил 4 ноябрдан буён нархлар 12,6%га ошган. Маълумот учун бу даврда брент типидаги олий навли нефт нархи 22,4%га арзонлаган, доллар курси деярли ўзгармаган. Давом этаверинглар-чи", деб ёзган блогер.

Аввалроқ "Ўзбекнефтгаз" 92 маркали бензин нархи туширилгани ҳақида бонг урганди. Отабек Бакиров эса аксинча улар алдаганини фош қилган.

"Монополист "Ўзбекнефтгаз" АИ-92 бензиннинг 1 тоннаси бошланғич нархи биринчи босқичда 12 млн 881 минг сўмдан 12 млн 628 минг сўмга туширилганини эълон қилмоқда.

Зийрак бўлмаган ўқувчи бунақа хабарларга дарров лаққа тушади, зийрак ўқувчини қўя туринг, кап-катта нашрлар монополист релизи қандай бўлса, шундайлигича кўчириб боса бошлайди.

Гап шундаки, Ўзбекнефтегаз биржага чиқарилаётган АИ-92 бензин нархини туширмади, компаниянинг аввалги хабари билан солиштирилса, бензин нархини оширди", деб ёзган Бакиров.

Унинг эслатишича, 2024 йил 18 октябр куни "Ўзбекнефтегаз" 92 бензини 11 538,4 минг сўмдан сотилишини эълон қилган. Ўтган 9 ойда монополист биржага чиқарилаётган 92 бензин нархи ўзгаргани борасида бошқа маълумот бермаган.

"Бошқача айтганда, "Ўзбекнефтгаз" АИ-92 бензин нархини компания ўзи эълон қилган расмий хабарларга таянсак, 11 538,4 минг сўмдан 12 628 минг сўмгача, яъни 9,4%га оширяпти. Маълумот учун, 2024 йил октябрдан 2025 йил августгача даврда брент типидаги нефт нархи ўртача 82 доллардан 67 долларгача пасайган. "Ўзбекнефтгаз" Оруэллни уялтириб қизартирадиган чўпчакларни тўқиши биринчи марта эмас. Ўтган йил охирида олий даражадаги презентацияда ҳам тинимсиз тушиб бораётган газ қазиб олишни оширилаётгандек намоён этишганди. Ўзи ҳадеб Оруэллга ҳавола қилаверишимиз бечора Оруэллга нисбатан адолатсизлик бўлади, энергошогирдлар Оруэллни ўқимаган, бунақа антиқа усулларни ҳурматли энергоустозлардан олган, ўрганган ва тадбиқ этган ҳам бўлиши мумкин-ку", деган блогер.

Шунингдек, турли каналларда 1 литр 92 бензин 9400 сўмдан сотилаётгани, буни ҳатто "Ўзбекнефтгаз"нинг ўзи ҳам тасдиқлагани анча шубҳали кўринган. Бундай чалғитувчи пиарга Антимонополия қўмитаси ҳозирча муносабат бермаган.

Отабек Бакировнинг тушунтиришича, 1 тонна 92 бензинни литрга ўтказиш учун 0,730-0,750 коэффициент қўлланилади ("Ўзбекнефтгаз" 0,744 қўллаган). Лекин бензин биржада литрлаб эмас, тонналаб сотилади.

Иккинчидан, биржага қўйилган ҳажмни эгаллаш учун талабгорлар курашади ва нарх ошади. Спред пайдо бўлади. Энг яхши ҳолатда 5%гача (бу ҳисобга дефицит пайтида юзага келадиган коррупцион харажатлар кирмайди). Бу спред ҳам "Ўзбекнефтгаз" чўнтагига тушади.

Учинчидан, ютиб олинган бензинни базадан заправка ёки омборгача ташиб келтириш керак. Транспорт харажатлари қўшилади.

Тўртинчидан, ҳар бир литр бензин учун истеъмол солиғи 471 сўм (ёки тоннасига 621 минг сўм) якуний истеъмолчи солиғи ўтиради.

"Бешинчидан, заправка ҳам ҳайрия ташкилоти эмас, амортизацияси, ишчиси, кредити ва албатта, фойдаси бор, устига маржасини қўяди. Энг яхши ҳолатда 5% миндиргандаям, 92 бензинни 10 600 сўмдан сотиши керак бўлади (масалан, яширинча хусусийлаштирилган собиқ UNG Petro шохобчаларида 92 бензин 10 700 сўм).

Шундай экан, тўғрисини, борини ва тўлиқ гапириш керак. Ўзбекистонликларни “алдагани ёш бола яхши” қабилида лақиллатишга ҳеч бўлмаганда уялиш керак", деб ёзган Бакиров.

"Ўзбекнефтгаз" ва Антимонополия қўмитаси ҳозирча ушбу ҳолатларга изоҳ берганича йўқ.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid