Франция Павел Дуровнинг акасини қамоққа олишга ордер берди
Politico нашри маълумотига кўра, ака-укани қамаш бўйича қарор бир неча ой аввал чиқарилган.
Франция Телеграм асосчиси Павел Дуровнинг акаси Николайни қамоққа олиш учун ордер берди.
Бу ҳақда Politico ҳукумат ҳужжатига асосланиб маълум қилган. Николай Дуров укаси Павел билан биргаликда 2024 йил март ойида қидирувга берилган.
"Ҳужжат шуни кўрсатадики, Телеграмга нисбатан француз тергови бир неча ой олдин бошланган ва бу иш Телеграмнинг болаларга жинсий зўравонлик бўйича тергов доирасида француз полицияси билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиши билан боғлиқ", — деб ёзади Politico.
Нашрнинг ёзишича, Павел ва Николай Дуровларни ҳибсга олиш учун ордерлар Телеграмнинг исми ошкор этилмаган фойдаланувчисининг шахсини аниқлаш бўйича суд сўровини жавобсиз қолдирганидан кейин чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, Павел Дуров 24 август куни Парижда ушланди. Унга 12 та айблов қўйилган.