Франциялик журналистга “Олтин қалам” мукофоти топширилди
Дидье Лабуш “Хорижлик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали” номинацияси бўйича ғолиб бўлганди.

Франциялик журналист, “Георама” нашриёти асосчиси ва директори Дидье Лабуш “Олтин қалам” миллий мукофоти учун ўтказилган жорий йилги халқаро танлов ғолибларидан бири деб топилган эди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вакилларининг Францияга сафари доирасида мамлакатимизнинг Париж шаҳридаги элчихонасида журналистга мазкур мукофот топширилди. Тантанали маросимда жамоатчилик ва эксперт доиралари вакиллари, ватандошлар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов юртимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўз эркинлиги ва очиқликни таъминлаш, журналистларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда уларнинг амалий натижалари ҳақида сўз юритди.
Хусусан, “Олтин қалам” миллий мукофотининг таъсис этилиши ва танлов доирасида “Хорижлик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали” номинацияси бўйича чет эллик журналистларнинг ҳар йили тақдирланиши халқаро ахборот маконида мамлакатимиз ҳақидаги материаллар салмоғининг ошишига хизмат қилаётгани таъкидланди.

Маросимда Дидье Лабуш халқаро эътирофдан мамнун эканини, келгусида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни янада кенгроқ ёритишга интилишини билдирди. Шунингдек, мамлакатимизнинг улкан ютуқлари ҳар қандай журналистни улар ҳақида ёзишга ундашини таъкидлади.
“Олтин қалам” мен учун шунчаки эътироф эмас. Бундай нуфузли мукофотни қўлга киритиш менга илҳом ва фахр бағишлайди”, — деди у.
Тадбир давомида Дидье Лабуш ҳамда франциялик яна бир журналист, “Euronews” телеканали мухбири Галина Полянскаяга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг фахрий аъзолик гувоҳномалари ҳам топширилди.





