platina.uz

Павел Дуровга қандай айбловлар қўйилгани маълум бўлди

БАА ҳукумати эса Дуров иши бўйича Францияга сўров юборган. Телеграм асосчиси сўнгги йилларда Дубайда истиқомат қилиб келаётганди. 

Жаҳон
27 август, 9:12
Павел Дуровга қандай айбловлар қўйилгани маълум бўлди

Францияда Телеграм мессенжери асосчиси Павел Дуров сўроқ қилинаётган иш 8 июль куни очилган бўлиб, унда 12 та жиноят бўйича айблов бор.

Бу ҳақда 26 август, душанба куни Париж прокуратураси маълум қилди.

Бу айбловлар орасида ҳокимият органлари билан ҳамкорлик қилмаслик, вояга етмаганларнинг порнографик тасвирларини сақлаш ва тарқатишда иштирок этиш, гиёҳвандлик воситаларини олиш, ташиш, сақлаш, сотиш ёки жўнатишда иштирок этиш, уюшган гуруҳ таркибида фирибгарликда қатнашиш ва бошқалар киради.

Кўриб чиқилаётган иш, шунингдек, ваколатли органлар сўровига кўра, қонун доирасида ушлаш учун зарур бўлган маълумот ёки ҳужжатларни тақдим этишни рад этиш юзасидан ҳам қўзғатилган.

Франция ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба Reuters агентлигига француз ҳукумати Дуровни Телеграмда кибержиноятлар ва молиявий жиноятларга қарши курашда полиция билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгани учун ҳибсга олганини маълум қилган.

БАА Ташқи ишлар вазирлиги Павел Дуров ишини диққат билан кузатиб бораётганини маълум қилди – улар Франция ҳукуматига зудлик билан барча консуллик хизматларини тақдим этиш бўйича сўров юборган.

Баёнотда фуқароларга ғамхўрлик қилиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ишларини назорат қилиш ва уларга ғамхўрлик кўрсатишнинг барча жабҳаларини таъминлаш БАА учун устувор вазифа эканлиги қайд этилган.

Павел Дуровнинг тўртта давлат фуқаролигига эга - Россия, Цент-Китс ва Невис, БАА ва Франция.

39 ёшли миллиардер Павел Дуров 24 август куни Бокудан шахсий самолётида келган Париж Ле Бурже аэропортида қўлга олинди. У терроризм, гиёҳвандлик, фирибгарлик ва болаларга қарши жиноятларда айбланиши мумкин. Бу айбловлар бўйича Дуров камида 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+