“Фарғона” божхона пости собиқ бошлиғига нисбатан ҳукм ўзгартирилмади
У фуқародан қорамоллар ва кўчатларни божхона текширувисиз олиб ўтиш учун пора олаётганда ушланган ва 4 йилга қамалган.
Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясида 4 йилга озодликдан маҳрум этилган божхона пости собиқ бошлиғига оид иш кўриб чиқилди.
Судланувчи А.Т.га суд ҳукми билан 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Судланувчи 2023 йил 22 апрелдан “Фарғона” чегара божхона пости бошлиғи лавозимида ишлаб келган. У божхона қоидаларини бузиш ҳолатларини аниқлаш ва аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш, божхона тўловларини тўлиқ ва тўғри ундириш кабиларга масъул бўлган.
А.Т. фуқаро А.Ҳайдаровдан Фарғона тумани, Водил қишлоғи бозорига қорамолларини божхона текширувисиз олиб ўтиш учун 500 АҚШ долларини таъмагирлик йўли билан талаб қилиб, ундан 300 АҚШ долларини пора тариқасида олган.
Кейинчалик ҳудди шу фуқародан манзарали арча кўчатларини божхона расмийлаштирувисиз олиб ўтишига рухсат беришини айтиб 500 доллар сўраган ва аввалги ишдаги 200 долларни қўшган ҳолда жами 700 доллар билан қўлга олинган.
А.Т. ҳимоячиси билан биргаликдаги апелляция шикоятида, қилмишига иқрор ва пушаймонлигини инобатга олиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.
Лекин суд далиллар асосида аввалги суд ҳукмини ўзгартирмасликка қарор қилди. Якуний ҳукмга кўра, жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман судининг 2024 йил 7 июндаги ҳукми ўзгаришсиз, мазмуни ўзгартирилган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.