Чустда ижтимоий ҳимояга муҳтож 80 дан ошиқ оила доимий даромадга эга бўлди
Кўплаб хотин-қизга бепул асосда тикув машиналари олиб берилди.
Президент Халқ қабулхонасининг “Мурожаатдан – даромадга” лойиҳаси асосида Чуст туманининг Ғова қишлоғида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз 80 дан зиёд оила доимий даромадга эга бўлди.
Шу жумладан, бу гал лойиҳа доирасида 15 нафар хотин-қизга бепул асосда тикув машиналари олиб берилди.
Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев етакчилигидаги гуруҳ томонидан моддий ёрдам масаласида қилинган мурожаатлар таҳлил қилиниб, унинг асосида эҳтиёжманд аёлларга Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Баҳодир Юсупов бошчилигида тикув машиналари топширилди.
Тадбир иштирокчиларига “Мурожаатдан – даромадга” лойиҳасининг 5 босқичи тушунтириб берилди. Лойиҳаниг дастлабки уч босқичи моддий ёрдам масаласида кўп мурожаат қилган фуқароларнинг:
– оилавий аҳволи, чиндан муҳтож ё муҳтожмаслиги, бу аризаларга қандай омиллар сабаб бўлаётганини;
– фуқаронинг касб-ҳунарга лаёқати, қайси йўналишда ишни эплаб кетиши, даромад топа олишини ўрганиш;
– мурожаатчини даромад топишга тайёрлаш (касб-ҳунарга ўқитиш, сўнг уларга тикув машинаси олиб бериш)ни ўз ичига олади.
Кейинги босқичда тикув машинаси олган ишсиз аёллар ўз ҳудудидаги лидер тадбиркорларга бириктирилиб, шу соҳада кучли малака ва катта тажрибага, ўз бозорига эга тадбиркорлар билан кооперация ташкил қилинади. Сўнгги босқич эса мурожаатчиларни даромадга олиб чиқиш бўлиб, Халқ қабулхонаси, секторлар ва “маҳалла еттилиги” кооперация фаолиятини ва мурожаатчининг барқарор даромад топишини доимий мониторинг қилиб боради.
“Мурожаатдан – даромадга” лойиҳаси доирасида Ғова қишлоғида меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил қилиниб, унда яна 72 нафар фуқаролар бандлиги таъминланди. Шу тариқа лойиҳа асосида жами 87 нафар мурожаатчининг меҳнат ва бандлик билан боғлиқ муаммоси ҳал қилинди.
Бунга қўшимча қишлоқ аҳолиси учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ҳам ташкил этилди.