Қашқадарёда 200 дан ошиқ оила даромад манбаи билан таъминланди
Уларга тикув машиналари, сутни қайта ишловчи қурилмалар тақдим этилди, ҳовлиларда сув чиқарилиб, деҳқончилик учун шароит яратилди.
Президент Халқ қабулхоналари томонидан ҳудудларда “Мурожаатдан — даромадга” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Президент маслаҳатчиси ўринбосари - Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигида Республика ишчи гуруҳи томонидан Қашқадарё вилоятидан Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига моддий ёрдам масаласида мурожаат қилган эҳтиёжманд, ишсиз аёлларга Президент совғалари – тикув машиналари ҳамда турли ускуна ва анжомлар топширилди.
Жумладан, лойиҳа асосида Қамаши, Кўкдала, Чироқчи, Ғузор, Деҳқонобод ҳамда Яккабоғ туманларида 120 нафардан зиёд хотин-қизларга тикув машиналари ва сутни қайта ишлаш ускуналари олиб берилди.
Тикув машиналари ажратилган ҳар бир мурожаатчи ўз маҳалласидаги тажрибали етакчи тадбиркорларга бириктирилаётгани лойиҳа ҳаётийлиги ва самарадорлигини таъминловчи асосий омилдир. Дейлик, Ғузорнинг энг чекка ҳудудларидан бири Тахам қишлоғида яшовчи Олмагул Элмуродова ҳам 4 нафар янги чеварни ёнига олиб, фаолиятини янада кенгайтирди.
Президент Халқ қабулхонаси кўмагида Чироқчининг тоғли Тарағай қишлоғида ҳам янги тикув цехи иш бошлади. Тарағайлик ишсиз 10 нафар аёллар Гулчеҳра Раҳматова билан кооперация ташкил қилиб, мавсумий либослар тайёрлашга киришди.
“Мурожаатдан – даромадга” лойиҳаси доирасида Қарши, Касби, Нишон туманларидаги кўмакка муҳтож қарийб 40 та оилага томорқасидан янада самарали фойдаланиб, даромад олиши учун қудуқ ва насослар ишга туширилди.
Айтайлик, Нишоннинг Навбаҳор маҳалласидаги боқувчисини йўқотган Гулсара Шодмонова ва ижтимоий ҳимояга муҳтож Ойзира Янгибоева томорқаларига ҳам сув чиқарилди.
Шунингдек, Деҳқонобод, Шаҳрисабз, Муборак, Китоб, Косон каби туманлардаги эҳтиёжманд 44 та оилага парранда гўшти ва тухум етиштириши учун товуқлар етказиб берилди.
Умуман, биргина “Мурожаатдан – даромадга” лойиҳаси билан вилоятдаги 200 дан зиёд хонадоннинг даромад топиши учун шароит ва имконият яратилди.