Россияликларнинг ҳукуматдан норозилиги кучайди
Бу Украина армиясининг Курск вилоятидаги муваффақиятлари билан боғлиқ. 2023 йил Пригожин исёнида ҳам норозилик даражаси ошганди.
Россияликларнинг ҳукуматдан норозилиги кучайгани маълум қилинди.
Украина Қуролли Кучларининг Курск вилоятига бошланган ҳужуми фонида руслар орасида расмийларнинг ҳаракатларида норозилик даражаси ошди ва жами респондентларнинг 25 фоизини ташкил этди.
Бу ҳақда "Ижтимоий фикр" жамғармаси (ФОМ) томонидан 9-11 август кунлари ўтказилган ва 15 августда эълон қилинган сўров маълумотларида маълум қилинган.
Ўтган ҳафта ФОМ респондентларининг 18 фоизи ҳукуматдан норозилигини билдирганди.
Ҳокимиятдан норозилигини эълон қилганларнинг юқори улуши 2023 йил июн-август ойининг бошларида, яъни Евгений Пригожин қўзғолони арафасида ва ундан кейин қайд этилган.
Ўша пайтда ҳокимиятнинг ҳаракатларидан норозилик даражаси максимал 25-26% га етган.
Сўнгги 12 ой ичида бир неча марта норозилик даражаси 24% га етди. Ушбу сўровда статистик хатолик даражаси 3,6% дан ошмайди.
Украина Қуролли Кучларининг Курск вилоятидаги ҳужуми ФОМ сўровига кўра, россияликлар учун ҳафтанинг энг эътиборли воқеаси бўлди. Уларнинг эътиборини тортган янгиликлар ҳақида сўралганда, ФОМ респондентларининг 39 фоизи буни эслади.
Шунингдек, 9-11 август кунлари ўтказилган сўровда ташвишли кайфиятнинг ўсиши қайд этилган. Респондентларнинг 45 фоизи буни қариндошлар ва дўстлар орасида устун деб ҳисоблаган.
Шу билан бирга, респондентларнинг 48 фоизи социологларга "хотиржам" кайфият ҳақида маълум қилишди ва бу сўнгги 12 ой ичида ФОМ сўровларида минимал кўрсаткичдир.