platina.uz

Камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя битта тизимда бўлади

Бу ҳақда Президент ўтказаётган йиғилишда айтиб ўтилди. Давлат раҳбари вилоятдаги саноат ўсиши даражасини ҳам танқид қилди. 

Жамият
12 июль, 13:29
Камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя битта тизимда бўлади

Камбағалликни қисқартириш бўйича соҳалар Ижтимоий ҳимоя тизимига ўтказилади. Бу ҳақда Қувада Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтказилди.

Маҳалла еттилигида қандай ишлаш кераклиги бўйича тажриба тўпланди, уларга банк-молия инструментлари билан кўмаклашиш жорий қилинди. Шу билан бирга, тизим кенгайган сари янгича ёндашувга эҳтиёж сезилмоқда.

Эҳтиёжманд аҳоли даромад манбаи билан таъминланмаса, яна ижтимоий ёрдамга қайта-қайта мурожаат этиши кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, энди камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя битта, яъни Ижтимоий ҳимоя агентлиги тизимида бўлади.

Фарғона аҳолиси 4 миллиондан ошди. Бундай ўсиш билан вилоят аҳолиси 2030 йилга бориб 5 миллионга етади. Бу – Фарғона вилоятини ўзида йилига 100 та янги боғча, 40 та мактаб, 20 мингта хонадон ва 500 мингта қўшимча иш ўрни яратиш керак, дегани.

Бу эса вилоят ҳокими, унинг 8 та ўринбосари, 19 та шаҳар-туман ҳокими олдига катта вазифалар қўйиб, улардан қаттиқ масъулият талаб этиши кўрсатиб ўтилди.

Вилоятдаги баъзи корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажми пасайгани, айримлари ишламаётгани, 3 та лойиҳани ишга тушириш 4-5 йилдан бери чўзилиб келаётгани танқид қилиниб, масъул раҳбарлар бундай корхоналарга ёрдамлашиши зарурлиги тўғрисида огоҳлантирилди.

Рўйхатга олинган тадбиркорларнинг муайян қисми фаолият юритмаётгани, айримларида эса айланма ва иш ўринлари қайд этилмагани “яширин иқтисодиёт”дан далолат бериши қайд этилди.

Мутасаддиларга бу ҳолатларни ўрганиб, “соядан” чиқишга кўмаклашиш топширилди.

Сўнгги етти йилда республика саноати 1,6 баробар ўсгани билан, Фарғона бу кўрсаткич бўйича республикада энг охирги ўринда.

Вилоят саноатининг ярми Фарғона ва Қўқон шаҳарлари, Учкўприк туманига тўғри келади.

Ўтган йилларда вилоятга киритилган ҳар
бир минг доллар хорижий инвестиция
солиқ тушумларини ўртача 207 долларга кўпайтирган. Лекин бу кўрсаткич бўйича Тошлоқ, Данғара, Ёзёвон, Риштон ва Учкўприк анча орқада.

Мутасаддиларга мева-сабзавот экспорти ва пахтани қайта ишлашда ҳам камчиликлар борлиги, бу борадаги режалар етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Бу йил “Ташаббусли бюджет” доирасида Фарғонадаги 266 та лойиҳага 340 миллиард сўм ажратилди.

Лекин уч ойдан бери кўплаб лойиҳалар бўйича ҳали амалий иш бошланмагани қаттиқ танқид қилинди.

Шу ойни ўзида “Ташаббусли бюджет”га вилоят бюджетидан ҳозиргача берилмаган маблағларни ўтказиб бериш топширилди.

Бунинг ҳисобига 35 та маҳалладаги электр, газ ва йўл масаласи ҳал бўлади.

Умуман, туманлар маҳаллий бюджетида маблағни кўпроқ қолдириш мақсадида жисмоний шахслардан даромад солиғини ярмини туман бюджетида қолдириш масаласини кўриб чиқиш топширилди.

Эндиликда вилоят раҳбариятининг масъулиятини ошириш бўйича Фарғонада янги тизим бўлиши белгиланди.

Вилоят ҳокимининг ўзи ва ҳар бир ўринбосари, 19 та туман ва шаҳар ҳокими кунига камида 5 тадан тадбиркор ва хорижий инвесторни қабул қилиб, уларни муаммосини ҳал қилади.

Улар ҳар ҳафта телевидение, радио орқали
аҳоли ва тадбиркорларга бўлаётган ўзгаришларни айтиб боради.

Йил якунида уларнинг фаолияти сарҳисоб қилиниб, тегишли чора кўрилади.

Вилоят кенгаши депутатлари ҳам комиссия тузиб, ҳар бир рақамни назоратга олиши муҳимлиги қайд этилди.

Президент вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.

Жумладан, Қувасойнинг Пакана, Кокилон ва Сўфон маҳаллалари ҳисобидан Қўқон иқтисодий зонаси ҳудуди 210 гектарга кенгайтирилади.

Бу ерларда 200 миллион долларлик, келгуси йилда 500 миллион долларлик лойиҳа қилиш, камида 10 минг иш ўрни яратиш вазифаси қўйилди.

Вилоят ҳокимига 19 та туман-шаҳарнинг ҳар бирини Хитой тажрибаси асосида саноатнинг аниқ йўналишига ихтисослаштириш ва уларда саноат зоналарини ташкил қилиш топширилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+