Президент Қўқон аэропортидаги шароитларни кўздан кечирди

Ушбу аэропортда ҳозир 100 кишига мўлжалланган терминал фаолият юритмоқда. 

Жамият
11 июль, 12:49
Президент Қўқон аэропортидаги шароитларни кўздан кечирди

Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, ҳудудлар ривожи билан яқиндан танишиш мақсадида 11 июль куни Фарғона вилоятига келди.

Мамлакатда транспорт инфратузилмаси соҳасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Биргина ҳаво йўллари тармоғида Самарқанд, Термиз, Мўйноқ, Зомин аэропортлари янгиланиб, ишга туширилди. Тошкент ва Урганч халқаро ҳаво портлари таъмирланмоқда, “Тошкент-Шарқий” қайта қурилмоқда.

Жорий йил март ойида Қўқон аэропорти ҳам янгидан очилган эди. Бугун Ўзбекистон Президентининг самолёти илк бор бу ерга қўнди.

Мазкур аэропорт 1977 йилда қурилган бўлиб, яқин йўналишларга парвозлар амалга оширилган. Кейинчалик фақат ҳарбий ҳаво кучлари томонидан фойдаланилган. Модернизация натижасида ушбу аэропорт орқали яна фуқаро авиацияси парвозлари йўлга қўйилди. 

Давлат раҳбари бу ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишди. 

Аэропортда 100 нафар йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилган, учиш-қўниш йўлаги қопламаси таъмирланган. Замонавий аэронавигация ускуналари ўрнатилган. Бу ишлар натижасида аэропорт А 320-200 ва ATR 72-600 русумли самолётларни қабул қилиш имкониятига эга бўлди.

Президент энди бу аэропорт халқимизга манфаат келтириши кераклигини таъкидлади. Бунинг учун нарх ва хизматларни одамларга қулай қилиб, парвозларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ички туризм имкониятларидан фойдаланиш яхши самара бериши, халқаро рейсларни ҳам йўлга қўйиш мумкинлиги қайд этилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+